Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда туғилишлар кетма кет иккинчи йил қисқарди. Сабаб нима?
2025 йил давомида Ўзбекистонда 879,6 мингта туғилиш қайд этилди. Бу охирги 5 йилликдаги энг паст кўрсаткич. Хусусан, туғилишлар сони 2024 йилга нисбатан 46,8 минг кишига ёки 5 фоизга, 2023 йилга нисбатан эса 82,4 минг кишига ёки 8,5 фоизга қисқарди.
Фото: Kun.uz
2026 йилнинг 1 январ ҳолатига Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 38 млн 236 минг кишини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,8 фоизга кўпайди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар берди.

2025 йил давомида Ўзбекистонда 879,6 мингта туғилиш қайд этилди. Бу охирги 5 йилликдаги энг паст кўрсаткич. Хусусан, туғилишлар сони 2024 йилга нисбатан 46,8 минг кишига ёки 5 фоизга, 2023 йилга нисбатан эса 82,4 минг кишига ёки 8,5 фоизга қисқарди.

Вафот этганлар сони 177,1 минг кишини, ҳар минг аҳолига нисбатан ўлим коэффициенти 4,7 промиллени ташкил этди. Вафот этганлар сони 2025 йилда 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 2,7 минг нафарга кўпайган.
2025 йилда Ўзбекистонда 454,7 минг нафар ўғил бола, 424,9 минг қиз бола туғилган. Бунда республика бўйича ҳар 100 қиз болага 107 нафар ўғил бола тўғри келган.

Нега аҳоли камайяпти?
Иқтисодчи Миркомил Холбоев йиллар кесимида Ўзбекистондаги туғилиш динамикасини таҳлил қилган ҳолда, қисқаришни «мавсумийликка» хос хусусият сифатида баҳолаганди.
«Мустақилликдан янги асргача бўлган иқтисодий қийинчилик ва тикланиш даврида туғилишнинг пасайиши одатий ҳолга айланиб қолганди. 1992-2000 йилларда фақатгина 1995 йилда туғилиш 3,2 фоиз ўсган бўлса, қолган барча йилларда чуқур пасайиши кузатилган. Хўш, кузатилаётган қисқариш яқин тарихимизда кузатилгани каби бир йилликми ёки узоқ давом этувчи демографик муаммоларнинг бошланишими?
Бу саволга аниқ жавоб топиш қийин, лекин менимча, ҳозирги пасайиш чуқур муаммоларни ифода этмайди. Бунинг асосий сабаби 1992-2001 йиллардаги туғилишнинг пасайиши ҳисобланади. Ўша йилларда туғилишлар сони қарийб 30 фоизга камайган. Масалан, мустақилликнинг илк йилларида 700 мингдан кўпроқ бола туғилган бўлса, янги асрга келиб бу кўрсаткич 500 минггача қисқарди. Ҳозирга келиб мустақилликнинг илк даврида туғилган инсонлар фарзанд кўриш давридан ўтмоқда ва айни чуқур пасайиш даврида туғилганлар мамлакатдаги туғилишлар сонида асосий рол ўйнай бошлаган. Бу эса табиий равишда туғилишнинг камайишига олиб келаётган бўлиши мумкин», дея ёзганди Холбоев.

Урбанизация эффекти
Қишлоқ жойларда туғилишнинг нисбатан юқори даражаси ишчи кучининг кўпайишига олиб келди ва одамлар шаҳарларга кўчиб ўтди ҳамда урбанизация даражаси ошди. Туғилишлар сонининг қисқараётганига урбанизациялашув даражасининг кенгайиши ҳам таъсир қилаётган бўлиши мумкин. Шаҳар оилаларида болалар сони анъанавий равишда камроқ бўлади. Сабаби оддий: уй-жой қиммат, таълим ва соғлиқни сақлаш харажатлари ҳам юқори. Шунингдек, аёллар ўртасида олий таълимга қамраб олинганлик даражасининг ошиши ва уларнинг меҳнат бозоридаги иштироки ортиб боряпти. Бу эса кечроқ оила қуриш ёки фарзандлар сонини режалаштириш тенденциясини кучайтиради. Глобал миқёсида ҳам бундай демографик ўзгариш деярли барча ривожланаётган мамлакатларда кузатилган.
Умуман олганда, Ўзбекистонда туғилиш камайиши билан кузатилаётган тенденция кўпроқ туғиш ёшидаги инсонлар сонининг олдинги авлодга нисбатан камлиги билан изоҳланиши мумкин. Пасайиш чуқур демографик муаммолар юзага келаётганини кўрсатмайди. Бутун дунёда глобал муаммога айланиб бораётган аҳолининг кексайиш жараёни тобора кўпроқ мамлакатларни қамраб олаётган бир пайтда Ўзбекистоннинг демографик ҳолатида кескин ёшариш жараёни кузатиляпти.
Мутахассислар томонидан аҳоли сонининг ўсиши энг қиммат капитал сифатида баҳоланади. S&P халқаро агентлигининг охирги ҳисоботида ҳам Ўзбекистоннинг демографик афзалликларга эгалиги қайд этилганди: аҳоли таркибининг қарийб 90 фоизи меҳнат ёшида ёки меҳнат ёшидан кичкина бўлиб, бу таклифга асосланган ўсиш имкониятини яратади.
Мавзуга оид
13:40 / 31.01.2026
Тошкент ва Фарғона савдо хизматларида юқори кўрсаткич қайд этди
10:21 / 31.01.2026
Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш бозори қарийб 20 трлн сўмни ташкил этди
16:01 / 30.01.2026
Маиший товарлар таъмирига талаб ортди: хизматлар ҳажми 12 фоизга ошган
11:45 / 30.01.2026