2026 йилнинг 1 январ ҳолатига Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 38 млн 236 минг кишини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,8 фоизга кўпайди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар берди.

2025 йил давомида Ўзбекистонда 879,6 мингта туғилиш қайд этилди. Бу охирги 5 йилликдаги энг паст кўрсаткич. Хусусан, туғилишлар сони 2024 йилга нисбатан 46,8 минг кишига ёки 5 фоизга, 2023 йилга нисбатан эса 82,4 минг кишига ёки 8,5 фоизга қисқарди.

Вафот этганлар сони 177,1 минг кишини, ҳар минг аҳолига нисбатан ўлим коэффициенти 4,7 промиллени ташкил этди. Вафот этганлар сони 2025 йилда 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 2,7 минг нафарга кўпайган.

2025 йилда Ўзбекистонда 454,7 минг нафар ўғил бола, 424,9 минг қиз бола туғилган. Бунда республика бўйича ҳар 100 қиз болага 107 нафар ўғил бола тўғри келган.

Нега аҳоли камайяпти?

Иқтисодчи Миркомил Холбоев йиллар кесимида Ўзбекистондаги туғилиш динамикасини таҳлил қилган ҳолда, қисқаришни «мавсумийликка» хос хусусият сифатида баҳолаганди.

«Мустақилликдан янги асргача бўлган иқтисодий қийинчилик ва тикланиш даврида туғилишнинг пасайиши одатий ҳолга айланиб қолганди. 1992-2000 йилларда фақатгина 1995 йилда туғилиш 3,2 фоиз ўсган бўлса, қолган барча йилларда чуқур пасайиши кузатилган. Хўш, кузатилаётган қисқариш яқин тарихимизда кузатилгани каби бир йилликми ёки узоқ давом этувчи демографик муаммоларнинг бошланишими?

Бу саволга аниқ жавоб топиш қийин, лекин менимча, ҳозирги пасайиш чуқур муаммоларни ифода этмайди. Бунинг асосий сабаби 1992-2001 йиллардаги туғилишнинг пасайиши ҳисобланади. Ўша йилларда туғилишлар сони қарийб 30 фоизга камайган. Масалан, мустақилликнинг илк йилларида 700 мингдан кўпроқ бола туғилган бўлса, янги асрга келиб бу кўрсаткич 500 минггача қисқарди. Ҳозирга келиб мустақилликнинг илк даврида туғилган инсонлар фарзанд кўриш давридан ўтмоқда ва айни чуқур пасайиш даврида туғилганлар мамлакатдаги туғилишлар сонида асосий рол ўйнай бошлаган. Бу эса табиий равишда туғилишнинг камайишига олиб келаётган бўлиши мумкин», дея ёзганди Холбоев.