Жаҳон | 23:25 / 31.01.2026
6047
2 дақиқада ўқилади

Теҳронда 2,5 млн кишини сиғдира оладиган бомбапаноҳлар тайёрланмоқда

Аввалроқ АҚШ етакчиси Доналд Трамп 2025 йил июнда Эрон ядровий объектларига зарбалар берилганини эслатиб, бу сафарги “ҳужум ундан ҳам ёмон бўлиши”ни таъкидлаганди.

Теҳрон Фото: Ўзбекистоннинг Эрондаги элчихонаси

Теҳронда 300дан ортиқ ерости иншоотлари, жумладан, парковка ва метро станциялари бомбапаноҳ сифатида фойдаланилади. Теҳрон инқирозларни бошқариш ташкилоти раҳбари Али Носирийнинг SNN телеканалига айтишича, улар 2,5 млн нафарга яқин кишини сиғдира олади.

Унинг сўзларига кўра, 82 та метро станцияси бомбапаноҳ учун ажратилган бўлиб, яқин вақт ичида улар ҳақидаги маълумотлар ва йўлкўрсаткичлар ўрнатилади.

"Зарур жараёнлар якунига етгач, 2,5 млн нафарга яқин кишини сиғдира оладиган бомбапаноҳлар ташкил этилади", - деди у.

26 январ куни АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон томон "улкан армада" йўлга чиққанини айтди. У Теҳрон "адолатли ва тенг ҳуқуқли келишув" имзолашига умид билдирди. АҚШ етакчиси 2025 йил июнда Эрон ядровий объектларига зарбалар берилганини эслатиб, бу сафарги “ҳужум ундан ҳам ёмон бўлиши”ни таъкидлади.

Теҳрон бунга жавобан АҚШ ва унинг иттифоқчиларининг Яқин Шарқдаги ҳарбий инфратузилмаларига зарба бериш билан таҳдид қилди.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид