Жаҳон | 13:50 / 02.02.2026
1111
2 дақиқада ўқилади

Павлоград яқинида дрон ҳужумидан сўнг 15 киши ҳалок бўлди

Днипропетровск вилояти ҳарбий маъмурияти (ВҲМ) раҳбари Александр Ганжа Telegram’да билдиришича, Россияга тегишли учувчисиз аппарат вилоятдаги корхоналардан бирининг хизмат автобуси яқинига зарба берган. Ҳокимиятнинг дастлабки маълумотларига кўра, 12 киши ҳалок бўлган, яна 7 киши яраланган.

Фото: Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати

Автобус ДТЭК Павлоградугол компаниясининг шахтёрларини Терновкага олиб кетаётган бўлган. Компания эса ҳужум оқибатида 15 киши ҳалок бўлганини таъкидламоқда.

Шу куни аввалроқ ҳам Россия ҳужуми оқибатида Днипро шаҳрида бир аёл ва бир эркак ҳалок бўлгани ҳақида Александр Ганжа хабар берган. Бир хусусий уй вайрон бўлган, яна иккитаси шикастланган. Шунингдек, Никопил туманига артиллерия ва дронлар билан қилинган ўқ ёғдиришлардан кейин бир нечта кўп қаватли ва хусусий уйлар, газ қувури ҳамда электр узатиш линияси зарарлангани ҳам қўшимча қилинган. Россия Мудофаа вазирлиги зарбалар ҳақидаги хабарларга изоҳ бермаган.

Бир неча соат олдин Россия қўшинлари Запорижжя шаҳрини дронлар билан оммавий равишда ҳужумга тутган. Шаҳардаги туғуруқхонага қилинган зарба натижасида камида 6 киши жароҳат олган, жумладан зарба пайтида кўрикда бўлган икки аёл ҳам, деб хабар қилган Telegram’да Иван Федоров. Кейинроқ у шаҳарга Россиянинг иккинчи ҳужуми тўлқини ҳақида ёзган: “Яна бир Россия учувчисиз аппарати шаҳар туманларидан бирида портлади. Дастлабки маълумотларга кўра, уч киши жароҳат олган. Улар орасида ёш бола бор”, — дейилади унинг хабарида.

Ўз навбатида, Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари Курск вилояти ҳудудидан баллистик қурол қўлланиши хавфи, шунингдек Россия дронларининг Киев, Суми, Житомир ва Винница вилоятлари йўналишида ҳаракатланаётгани ҳақида огоҳлантирган. Материал эълон қилинган пайтда қўшимча тафсилотлар берилмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид