Жаҳон | 20:40 / 02.02.2026
13532
4 дақиқада ўқилади

Хитойда Бирма мафиясининг яна тўрт аъзоси қатл этилди

Бу бир ҳафта ичидаги иккинчи гуруҳ устидан ўлим жазоси ижро этилиши бўлмоқда.

Фото: CCTV

Хитойда Бай мафияси оиласининг тўрт вакили қатл қилинди – бу Мянмадаги скам-марказларни бошқарган энг таниқли жиноий сулолалардан биридир. Бу сўнгги бир ҳафта ичида жиноий синдикат аъзоларига нисбатан чиқарилган иккинчи ўлим ҳукми бўлди.

Оила аъзолари ва унинг шерикларидан иборат жами 21 кишидан иборат гуруҳ Гуандун провинциясидаги суд томонидан фирибгарлик, қотиллик, тан жароҳати етказиш ва бошқа жиноятларда айбдор деб топилган.

Ўтган йил ноябрида суд беш кишини, жумладан, клан раҳбари Бай Суочэнни ўлим жазосига ҳукм қилганди, аммо у ҳукм эълон қилинишидан кўп ўтмай касаллик оқибатида вафот этган.

Ўтган ҳафтада Жануби-Шарқий Осиёдаги фирибгарлик схемаларига қарши кенг кўламли кураш доирасида Мин мафияси аъзоларидан 11 нафари ўлимга ҳукм қилинганди – хитойлик минглаб кишилар бундай гуруҳлардан жабрланиб, уларнинг қўлида мажбуран қулликда ишлаб келган.

Скам-марказлар – Жануби-Шарқий Осиёда жиддий муаммо ҳисобланиб, кўпинча хитойликлар онлайн-фирибгарликлар қурбонига айланади.

Кўп йиллар мобайнида Бай, Мин ва бошқа бир неча кланлар Мянманинг Хитой билан чегарадаги Лауккай шаҳрини назорат қилган, улар бу ерда казинолар, фоҳишахоналар ҳамда киберфирибгарлик марказларини бошқарган.

Бундай кланлар орасида Бай оиласи «биринчи рақамлиси» ҳисобланган.

Расмийларга кўра, ихтиёрида қуролли тузилма ҳам мавжуд бўлган Бай Суочэн 41 та ёпиқ комплекс қурган, бу жойларда фирибгарлик колл-марказлари ҳамда казинолар жойлаштирилган. Бу комплекслар ичкарисида зўравонлик маданияти ҳукм сурган – калтаклаш ва хўрлаш одатий амалиётга айланган.

Суд ҳукмида келтирилишича, Бай оиласининг жиноий ҳаракатлари Хитойнинг олти нафар фуқароси ўлимига, бир киши ўз жонига қасд қилишига, шунингдек, ўнлаб кишилар майиб-мажруҳ бўлишига олиб келган.

Хитой аралашуви

Лауккай – Хитой билан чегарадаги Бирма хитойлари истиқомат қилувчи Кокан мухторияти маркази ҳисобланади.

Бай оиласи 2000-йилларда Лауккайда назоратни ўз қўлига олган, ўшанда шаҳарнинг олдинги қўмондони Мянма генерали, ҳозирда мамлакатдаги ҳарбий хунтани бошқараётган Мин Аун Ҳлайнг томонидан ағдарилганди.

Ўшанда ҳарбий раҳбариятга содиқ ва келишиш осон бўлган иттифоқчи керак эди ва ўшанда ағдарилган ҳарбий қўмондон ўринбосари бўлган Бай Суочэн бу ролга идеал даражада мос келади.

Аммо бу оилалар империяси 2023 йилда қулади, ўшанда Пекин мянмалик ҳарбийларнинг синдикатларга нисбатан ҳаракатсизлигидан норозилик билдиради ва бу ҳудуддаги этник исёнчиларнинг ҳужумини яширинча қўллаб-қувватлайди. Бу воқеалар Мянмадаги фуқаролар урушидаги бурилиш нуқтасига айланади.

Якунда мафия тузилмалари фош этилиб, уларнинг аъзолари Хитойга топширилди.

Хитойда улар ҳақида бир нечта ҳужжатли филмлар суратга олинган бўлиб, уларда Хитой расмийларининг интернетдаги фирибгарлик тармоқларини бутунлай йўқ қилишга бўлган қатъияти таъкидланган.

Сўнгги қатллар эҳтимолий фирибгарлар учун огоҳлантириш сигнали бўлиши мумкин.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, Мянма ва Жануби-Шарқий Осиёнинг бошқа мамлакатларида юз минглаб одамлар қулликка сотилган ёки онлайн фирибгарларнинг схемаларига зўрлик билан жалб қилинган.

Улар орасида Хитойнинг минглаб фуқаролари ҳам бор. Шунингдек, миллиардлаб долларларини синдикатларга олдирган жабрланувчиларнинг асосий қисмини хитойликлар ташкил этади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид