Ўзбекистон | 14:30 / 03.02.2026
1692
1 дақиқада ўқилади

Элчихоналарда маданият ва туризм бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилади

“Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар билан маданият ва туризм соҳаларидаги алоқаларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.

Фото: Kun.uz

Фармонга мувофиқ, ҳужжат иловасида белгиланган давлатлардаги Ўзбекистоннинг элчихоналари штат жадвалига қўшимча равишда маданият ва туризм масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими киритилади.

Қайд этилишича, мазкур лавозим хорижий мамлакатларда Ўзбекистоннинг маданият ва туризм соҳаларидаги ташаббусларини мувофиқлаштириш самарадорлигини ошириш мақсадида жорий этилган.

Маслаҳатчи лавозимига тайинлаш ва ундан озод этиш президент администрацияси Креатив иқтисодиёт ва туризм бўйича департаменти бошлиғи тақдимномасига мувофиқ Ташқи ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, маслаҳатчи тегишли давлатдаги дипломатик ваколатхона раҳбарига бўйсуниши ва икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга қаратилган фаолиятга кўмаклашиши белгиланган. Маслаҳатчи президент администрациясининг мазкур департаменти бошлиғига ҳисобдор бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид