Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Энергетик сулҳ нима бўлди?
Россия Трампнинг илтимосига асосан, Украина энергетика тизимини нишонга олишни бир неча кунга сусайтирган бўлса-да, буни асло гуманизм деб бўлмайди: аҳоли турар жойлари, ноҳарбий йўловчи автобуслари ва логистика объектларига зарбалар давом этмоқда. Таҳлилчиларга кўра, бу ҳолат – урушнинг асл мантиғини очиб беради. Музокаралардан наф бўлмаётгани эса шу мантиқдан келиб чиқади.
Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар АҚШ президенти Доналд Трампнинг россиялик ҳамкасби Владимир Путинга илтимоси билан эълон қилинган бир неча кунлик “энергетик сулҳ” ҳақида сўз юритди.
Хайрулла Умаров: Энергетика – ҳар қандай давлат учун иқтисодиётнинг асосий таянчи ҳисобланади. Шу сабаб урушаётган томонлар айнан энергетика ва хомашё таъминоти билан боғлиқ нуқталарга зарба беришга интилади. Бунда иккита мақсадни ажратиб кўрсатиш мумкин. Биринчиси, совуқ об-ҳаво шароитида аҳолида урушга нисбатан норозиликни кучайтириш ва ижтимоий вазиятни издан чиқариш мақсади. Иккинчиси эса, ҳарбий саноат комплексига зарар етказиш, чунки бу комплекс катта миқдорда энергия талаб қилади. Шу сабабли давлатлар ўз назарида муҳим ҳарбий корхоналарни энергетика билан таъминлайдиган нуқталарга зарба беришни давом эттираверади.
Украина бугунги кунда кесишган манфаатлар ҳудудидан буфер ҳудудга айланган. Буфер ҳудудларда конфликтлар тўхтамайди. Келишув бўйича розилик берилиши мумкин, аммо яқин орада бу уруш тўхтамайди. Сабаби Россия ўзининг асосий мақсадларига эришишга интилади. Украина эса ўз ҳудудларини бермаслигини билдиргани сабаб, урушнинг асосий вазифаси ва кучлар нисбати ўзгармагунча вазият давом этади. Ҳозирча бу ҳолатнинг яқин орада ўзгариши кузатилмаяпти.
Шуҳрат Расул: Трамп доимо эришган ютуқлари ва ғалабаларини санашни ва марказда бўлишни яхши кўради. У нафақат яхши муомала қилади, балки доимо комплиментлар айтиб, хушомад ҳам қилади. Амалда эса у фақат ўз манфаатлари, ўз нуқтайи назаридан ҳаракат қилади. Шу нуқтайи назардан қараганда, сулҳга лозим даражада амал қилинмаётгани – Трампни дискредитация қилиш мақсадида амалга оширилган деб ҳисоблаш мумкин.
1 февралда Абу-Дабида учрашув бўлиши кутилган эди, бироқ у 3 февралга қолдирилмоқда. Умуман олганда, Россия томони ҳар доим манёвр билан, сулҳни чўзиш билан шуғулланмоқда. Абу-Дабидаги навбатдаги учрашувлар ўтказилмаслиги ҳам мумкин, чунки энг муҳим икки нуқтада келишув йўқ. Бу нуқталар – Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудлари, Запороже АЭС масаласи. Қолаверса, Украина АҚШдан хавфсизлик кафолатлари ҳам талаб қиляпти. Украинларга кўра, АҚШ бу кафолатларни ўт очишни тўхтатишдан олдин бериши керак. Мана шу учта масалада келишув бўлмагани сабаб, қолган гаплар бугунги кунда умуман сафсата бўлиб қолади.
Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.