Спорт | 09:50
4403
3 дақиқада ўқилади

ФИФА раҳбари Россия жамоаларига қўйилган чекловни олиб ташлашга чақирди

ФИФА президенти Жанни Инфантино Россия жамоаларини халқаро мусобақалардан четлатишни бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш керак, деб ҳисоблайди. Инфантино Sky News’га интервю берган, ундан парчаларни телеканал душанба, 2 феврал куни эълон қилди.

Фото: Sky News

«Биз буни қилишимиз керак. Албатта. Чунки бу тақиқ ҳеч нарса бермади, фақат янада кўпроқ кўнгил қолиш ва нафратни келтириб чиқарди», — дея ҳисоблайди Инфантино.

Унинг сўзларига кўра, «агар Россиядан бўлган қизлар ва ўғил болалар Европанинг бошқа қисмларида футбол ўйнай олса», бу фойдали бўлар эди.

Инфантино, шунингдек, Исроилнинг турнирларда қатнашишини тақиқлашга ҳам қарши — бундай қарор «мағлубият» эканини айтди.

ФИФА раҳбарининг фикрича, ташкилот қоидаларни ўзгартириш имкониятини кўриб чиқиб, «уставимизда шундай нормани мустаҳкамлаб қўйишимиз керакки, биз ҳеч қачон бирор давлатга унинг сиёсий етакчиларининг ҳаракатлари сабаб футбол ўйнашни тақиқламаслигимиз лозим». Унинг фикрича, футбол орқали «алоқаларни сақлаб қолиш» керак.

Шу орада Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибиха Инфантинонинг Россия жамоаларига қўйилган чекловларни олиб ташлаш чақириғини шарҳлар экан, уни «ахлоқан тубанлашган» деб атади. «Украинанинг 679 нафар қизи ва ўғил боласи ҳеч қачон футбол ўйнай олмайди — Россия уларни ўлдирди. Ва у янада кўпроқ одамларни ўлдиришда давом этмоқда, бир пайтнинг ўзида ахлоқан тубанлар Россия урушини тугата олмаётганига қарамай тақиқларни бекор қилишни таклиф қилмоқда», — деб ёзди дипломат X микроблоглар тармоғида. «Келажак авлодлар буни 1936 йилги Олимпиада ўйинларини эслатувчи шармандалик деб ҳисоблайди», — дея хулоса қилди Сибиха.

Россия 2022 йил февралида Украинага тўлақонли ҳужум бошлаганидан кейин ФИФА ва Европа футбол уюшмалари иттифоқи — УЕФА шафелиги остидаги мусобақалардан четлатилган. The Times нашри аниқлаштиришича, ФИФА кенгаши ҳозирча қайта киритиш масаласи бўйича овоз бериш ўтказишни режалаштирмаяпти.

2023 йилда ФИФА 17 ёшгача бўлган ўғил болалар ва қизлар (U-17) даражасида Россияга қўйилган тақиқни бекор қилди, аммо амалда чекловлар кучида қолди: мамлакатнинг ёшлар жамоалари УЕФА саралаш турнирларидан ўта олмайди. Жумладан, Англия, Украина, Полша ва Швеция Россия жамоаларига қарши ўйнашдан бош тортган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид