Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россияда аёл журналистлар фонди “номақбул ташкилот” деб топилди
Россия Адлия вазирлиги сайтидаги реестрга кўра, оммавий ахборот воситаларда ишлайдиган аёллар халқаро фонди — International Women’s Media Foundation (IWMF) Россияда “номақбул ташкилотлар” рўйхатига киритилди. Бу ҳақда душанба, 2 феврал куни реестрда маълум қилинган.
Россия Бош прокуратураси 19 январдаёқ фонд фаолиятини “номақбул” деб топган. Адлия вазирлиги эса 30 январ куни ташкилотни рўйхатга киритиш ҳақида қарор чиқарган.
IWMF Вашингтонда жойлашган. У аёл журналистларни қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилган. Фонд сайтида айтилишича, унинг иши “дунё бўйлаб тенг имкониятлар ва матбуот эркинлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиш”га қаратилган.
Адлия вазирлиги сайтидаги “номақбул” ташкилотлар рўйхатига Украинанинг инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилоти — Инсон ҳуқуқлари минтақавий маркази (RCHR) ҳам қўшилган.
У 2013 йилда Севастополда ташкил этилган. 2014 йилда Россия Қримни қўшиб олганидан кейин ташкилот Киевга кўчишга мажбур бўлган. Марказ жамоаси “ҳатто оккупация шароитида ҳам инсон ҳуқуқлари таъминланиши, уларни бузганлар эса жазоланиши” учун ҳаракат қилишини билдирган.
Матнда айтилишича, марказ ходимлари РФ оккупация қилган ҳудудлардан олиб кетилган болалар ҳақида маълумот тўплаган ва шу масала бўйича Халқаро жиноий судга шикоят киритган.
Адлия вазирлиги реестрида Европа криптовалюта биржаси WhiteBit ва у билан боғлиқ финтех-группа W Group ҳам бор.
Бош прокуратура, DW матнига кўра, биржа раҳбарияти хайрия аукционларида иштирок этиб, маблағларни Украина учун дронлар харидига йўналтираётганини иддао қилган.
2025 йил давомида Адлия вазирлиги “номақбул” ташкилотлар реестрига 95 та ташкилотни киритган. DW матнида келтирилишича, бу — рўйхат 2015 йилда жорий этилганидан бери энг юқори кўрсаткич.
Таққослаш учун: Россиянинг Украинага қарши урушининг биринчи йилида рўйхатга 22 та ташкилот киритилган. 2023 йилда бу рақам 50 тагача, 2024 йилда 65 тагача ошган. 2025 йил декабрига келиб реестрдаги ташкилотлар умумий сони (дубликат юридик шахслар ва филиалларни ҳисобга олмасдан) 281 тага етган.
“Номақбул ташкилот” мақомини бериш ҳақида қарорни Россия Бош прокуратураси қабул қилади. Реестрни РФ Адлия вазирлиги юритади.
Бундай мақом одатда “конституцион тузум асослари, мудофаа қобилияти ёки хавфсизликка таҳдид солади” деб баҳоланган хорижий ва халқаро ННТга нисбатан қўлланади.
2024 йилда РФ президенти Владимир Путин хорижий ёки халқаро ташкилотни, агар унинг таъсисчиси ёки иштирокчиларидан бири бошқа давлатнинг давлат органи бўлса ҳам, “номақбул” деб эътироф этиш имконини берувчи қонунни имзолагани айтилган.
“Номақбул” мақоми ташкилот фаолиятини Россияда тақиқлайди. Бундай ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш ва улар материалларини тарқатиш маъмурий ёки жиноий жавобгарликка олиб келиши мумкин. Матнда келтирилишича, иштирок этганлик учун 500 минг рублгача жарима ёки 4 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, фаолиятни ташкил этганлик учун эса 6 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилиши мумкин.
Мавзуга оид
22:09 / 08.06.2026
«Газпром» Ўзбекистонга экспортни 15 фоизга оширганини маълум қилди
20:34 / 08.06.2026
Хоминаий ўлдирилгач, Россияда Путинни қўриқлаш учун яратилган кузатув тизими ўчириб қўйилди
18:06 / 08.06.2026
Россияда мигрантларни тиббий кўрикдан ўтказиш муддати қисқартирилади
10:25 / 08.06.2026