Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Читада ИЭСдаги авария сабаб қисман блэкаут юз берди
Читадаги шаҳар ИЭСда содир бўлган авариядан сўнг шаҳарнинг бир нечта туманлари электр таъминотисиз қолди. Айрим жойларда иссиқлик таъминоти ҳам узилиб қолган.
Маҳаллий ОАВ хабар беришича, пайшанбага ўтар кечаси — 5 февралда Читанинг катта қисми ИЭСдаги авария оқибатида электр энергиясисиз қолган. Chita.ru онлайн-нашри ёзишича, шаҳарнинг бир нечта туманлари, жумладан: Остров, Северний, Царский, Октябрский, Угдан, МЖК ҳудуди, Биофабрика, шунингдек марказдаги айрим кўчаларда электр ўчган.
Нашр шаҳар аҳолисига таяниб, иситиш батареяларидаги ҳарорат пасайгани ҳақидаги хабарларни ҳам келтиради. Портал Чита ИЭС устида қуюқ тутун кўтарилаётганини акс эттирган суратни ҳам эълон қилган.
5 феврал куни маҳаллий вақт билан тахминан эрталаб соат 9 ларда Байкалорти губернатори Александр Осипов Telegram’да Читадаги ИЭС-1да авариядан кейин “энергия таъминоти бир неча соат ичида тикланганини” маълум қилди. “Соат 4:47 да барча истеъмолчилар уланди. Барча ижтимоий объектлар одатдаги тартибда ишлаяпти”, — деди у.
Шу билан бирга, Осипов баъзи шаҳар аҳолиси ҳали ҳам “батареялар совуқ”лиги ҳақида хабар бераётганини қўшимча қилди ва шундай мурожаатларнинг ҳар бирини “алоҳида тарзда ишлаб чиқиш”га ваъда берди.
Бундан олдин “ТГК-14”нинг “Читинская генерация” филиали директори Андрей Чебикин Chita.ru’га ИЭСда авариявий ҳолат юз бергани, натижада истеъмолчиларнинг бир қисми ўчирилганини айтган. У интернетда тарқалаётган “трансформатор портлади” деган маълумотни рад этган. “Авариявий тизимлар ишлади, тизим ишга тушди”, — деб аниқлик киритган у.
Chita.ru тушунтиришича, гап подстанцияларда йиғма шиналарнинг параллел ишлаш режими ҳақида кетмоқда. Бу режим электр таъминоти ишончлилигини ошириш учун қўлланади: “У истеъмолчиларни ўчирмасдан юкламани кўчириш имконини беради, бироқ қисқа туташув токларининг ошиши билан бирга кечади”.
The Moscow Times онлайн-нашри эслатишича, Читадаги блэкаут Россияда коммунал авариялар сони кўпайиб бораётган бир пайтда содир бўлган. “Новая газета. Европа” эса ҳисоб-китоб қилиб, 2025 йил декабридан 2026 йил январигача Россияда камида 2200 марта одамларни асосий коммунал хизматларсиз қолдирган авариялар ҳақида хабар қилинганини айтган. “Январ ойида улар ҳақида камида 1280 марта ёзилган, бу ўтган йилнинг январ ойига нисбатан деярли икки баравар кўп”, — дейилади нашрда.
Муаллифлар хулосасига кўра, “Россия бўйлаб тармоқларнинг эскириши ўртача 40 фоизга етган, айрим ҳудудларда эса 80 фоизгача — бу тез-тез аварияларга олиб келмоқда. Шу билан бирга, режаларга кўра, 2028 йилга бориб уй-жой коммунал хўжалигига харажатлар 2025 йилга нисбатан ҳатто 2 фоизга камайиши кўзда тутилган”.