Жаҳон | 08:55 / 05.02.2026
1569
5 дақиқада ўқилади

HRW: Россияда танқидчиларни жиноий таъқиб қилиш жараёни “йўлга қўйилган”

Украинага қарши урушнинг 4-йилига келиб Россия ҳар қандай бошқача фикр билдиришни янада қаттиқроқ бостиргани ва чет элдаги танқидчиларни ҳам таъқиб қилганини Human Rights Watch (HRW) маълум қилди. Ҳуқуқ ҳимоячилари, шунингдек, РФнинг Украинадаги ҳарбий жиноятларини ҳам қайд этди.

Фото: Anton Novoderezhkin/TASS

Халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти Human Rights Watch (HRW) Украинага қарши Россиянинг тўлиқ кўламли уруши тўртинчи йилига кирган пайтда, Россияда фуқаролик жамияти вакилларига нисбатан репрессиялар тобора кучайиб бораётганини кескин танқид қилди. Ташкилотнинг билдиришича, Кремл “режим танқидчиларини мамлакат ичида ҳам, чет элда ҳам” янада шиддат билан таъқиб қилмоқда. Бу ҳақда HRW чоршанба куни, 4 февралда “Жаҳон ҳисоботи — 2026”ни тақдим этар экан, маълум қилди.

HRW таъкидлашича, “ҳар қандай турдаги ўзгача фикрлашни бостиришга интилар экан, ҳокимият цензура ва кузатувни қўллашни кенгайтирди, давлат хавфсизлигига қарши жиноятлар айбловларидан тобора кўпроқ фойдаланди ҳамда “чет эл агентлари” деб топилган режим танқидчиларини жиноий таъқиб қилиш жараёнини йўлга қўйди”.

Шунингдек, HRW Европа ва Марказий Осиё бўйича директори вазифасини вақтинча бажараётган Бенжамин Уордга кўра, Россия ҳокимияти “анъанавий қадриятлар” учун ўз “юриши”ни янада фаол олиб бормоқда; бу кампаниянинг нишонлари мигрантлар ва бошқа инсонлар бўлмоқда. Уорд бу кампания бора-бора аёлларнинг репродуктив ҳуқуқларига қарши йўналиш олаётганини ҳам эслатди.

Ўтган йил Россия судлари РФда “экстремистик ташкилот” деб эълон қилинган тузилмада гўёки иштирок этганлик бўйича ишлар юзасидан илк айблов ҳукмларини чиқарган. Янги жиноий ишлар ҳам қўзғатилган, таъқибга учраётганлар орасида китоб нашриётчилари ҳам бор.

Бундан ташқари, “чет эл агентлари” деб белгиланган шахслар мажбуриятларига риоя қилмагани учун жиноий таъқиб кескин кучайтирилган. 78 та ташкилот “номақбул” деб эълон қилинган, улар орасида Human Rights Watch ҳам бор. Россияда сиёсий маҳбуслар сони 2025 йилда 1 217 нафаргача (шу жумладан 108 нафар аёл) ошган — 2024 йил охирида бу кўрсаткич 805 нафар эди.

HRW, шунингдек, Россияда мигрантлар ҳуқуқларини чеклаш кампанияси ҳақида ҳам ёзди: рейдлар, меҳнат мигрантларига нисбатан ғайриинсоний муносабат ва миграция қонунчилигининг янада қатъийлаштирилиши қайд этилган. Улар, қонуний мақомни тасдиқловчи ҳужжатлар ва рус тилини билиш бўйича тестдан ўтиш талабларисиз чет эллик болаларни давлат мактабларига қабул қилиш тақиқланганига эътибор қаратган. HRW маълумотича, бу мигрант болаларининг 87 фоизини мактабга ёзиш рад этилишига олиб келган.

“Россия барча сиёсий маҳбусларни озод қилиши ва инсоннинг асосий ҳуқуқларига зид бўлган барча қонунларни бекор қилиши керак — жумладан, урушга қарши фикр билдиришни тақиқловчи қонунлар, ‘чет эл агентлари’, ‘номақбул’ ташкилотларга қарши йўналтирилган қонунлар. Шунингдек, Россия мигрантлар ва уларнинг болаларини камситувчи қонунларни ҳам бекор қилиши лозим”, — деб чақирди Human Rights Watch.

Ҳисоботда айтилишича, 2025 йил давомида РФ “портловчи таъсирга эга қуроллар”дан фойдаланиб, Украинанинг аҳоли зич жойлашган ҳудудларига ҳужумларни давом эттирган, натижада тинч аҳоли ҳалок бўлган ва яраланган, муҳим инфратузилма объектларига зарар етган. HRWʼга кўра, айниқса Россиянинг ҳужумкор дронлардан фойдаланиши Украина тинч аҳолиси ўлимига кўп ҳолларда сабаб бўлган.

HRW қўшимча қилишича, “Россия ҳокимияти ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар содир этган — минглаб украин ҳарбий асирлари ва фуқароларини тизимли равишда қийноққа солиб, ғайриинсоний муносабатда бўлган”. Оккупация қилинган Украина ҳудудларида эса Россия маъмурияти аҳолини Россия фуқаролигини олишга ва ҳарбий хизматга ёлланишга мажбурлаш, хусусий мулкни мусодара қилиш, мактабларда Россия ўқув дастурлари ва рус тилини жорий этишни давом эттиргани билдирилади.

529 саҳифадан иборат йиллик ҳисобот 36-марта тақдим этилди. Ҳуқуқ ҳимоячилари унда дунё бўйлаб 100 дан ортиқ мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳолатини таҳлил қилиб, ҳозирги глобал вазиятнинг ўта мушкул манзарасини тасвирлаган.

HRW Германия бўлими директори Филипп Фриш Берлинда ҳисоботни тақдим этар экан, ўнлаб йиллар давомида шаклланган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими бузилиш хавфи остида қолаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу — АҚШда президент Доналд Трамп маъмурияти ҳамда Россия ва Хитой каби автократик режимлар ҳаракатлари натижаси.

HRW ижроия директори Филипп Болопион бутун дунё бўйлаб кенгайиб бораётган авторитаризм тўлқинини тўхтатишга чақирди. Унинг таъкидлашича, бу — янги авлод учун асосий чақириқ. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга содиқ демократиялар ва фуқаролик жамияти, Трамп маъмурияти ва қатор бошқа мамлакатлар томонидан мазкур тизимга таҳдид юзага келган бир пайтда, асосий эркинликларни сақлаб қолиш учун стратегик иттифоқ тузиши керак.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид