Жаҳон | 18:27 / 05.02.2026
5587
3 дақиқада ўқилади

Лавров Россия компаниялари Венесуэладан сиқиб чиқарилаётганини айтди

Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров сўзларига кўра, Венесуэладан Россия ва унинг компанияларини даф қилишга «очиқчасига уринишмоқда».

Фото: Global Look Press

Россия компаниялари Венесуэла собиқ президенти Николас Мадуро ағдарилганидан кейин мамлакатдан сиқиб чиқарилмоқда, деди Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров.

«Ҳозир Венесуэла ва у ерда содир бўлаётган воқеалар ортидан бизни, компанияларимизни Венесуэладан даф қилишга очиқчасига уринишмоқда», деди Лавров.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ Москвага нисбатан чекловларни жорий этишда давом этмоқда. Хусусан, Анкориждаги музокаралардан бир неча ой ўтиб, «ЛУКОЙЛ» ва «Роснефть» санкциялар остида қолган. Бундан ташқари, тарифлар Россия энергия ташувчиларини сотиб олувчи мамлакатларга таҳдид солади, деди Лавров. «Ҳаммага айтиляпти, Россия нефти ва Россия гази Америка нефти ва Американинг суюлтирилган гази билан алмаштирилади», деди у.

Венесуэладаги Россия активларини бошқарувчи «Росзарубежнефть» давлат компанияси январь ойида республикада ҳокимият ўзгарганидан кейин қабул қилинган мажбуриятларни бажаришда давом этишини маълум қилди.

Ўтган йилнинг баҳорида Россия ва Венесуэла ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома имзоланган эди. Октябрь ойида Венесуэланинг Россиядаги элчиси Хесус Рафаэл Саласар маълум қилганидек, республикада Россия билан бешта қўшма корхона фаолият юритмоқда. Давлатлар нефть қазиб олиш ва сотиш соҳасида фаол ҳамкорлик қилмоқда, деб тушунтирди у. Шу вақтда Bloomberg Россия Венесуэлага нефть етказиб бериш бўйича АҚШни ортда қолдирганини маълум қилганди.

2026 йил 3 январга ўтар кечаси АҚШ ҳарбийлари Мадуро ва унинг рафиқасини қўлга олиб, мамлакатдан олиб чиқиб кетди. Нью-Йоркда Венесуэланинг ағдарилган раҳбарига «наркотерроризм» моддаси бўйича айблов эълон қилинди.

АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакатда ҳокимият алмашмагунча Вашингтон Венесуэлани бошқаришини айтди. Венесуэла бошқарув жамоасига давлат котиби Марко Рубио ва Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет кирди. Кейинроқ Америка етакчиси Венесуэланинг вақтинчалик ҳукумати АҚШга 50 миллион баррелгача нефть беришини эълон қилди.

Шундан сўнг, давлат котиби Марко Рубио Венесуэланинг вақтинчалик раҳбари Делси Родригес АҚШ компаниялари учун мамлакат энергетика секторини очишга, нефть қазиб олиш соҳасига имтиёзли киришни таъминлашга ва нефть савдосидан тушган пулларни Америка товарларини сотиб олишга сарфлашга ваъда берганини таъкидлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид