Кўчмас мулк | 14:50 / 07.02.2026
2950
2 дақиқада ўқилади

Кўп квартирали уйларда тўловлар фақат “Менинг уйим” орқали юритилади

Президентнинг “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 июлдан бошлаб кўп квартирали уйларда мажбурий тўловлар ва умумий мол-мулкни ижарага ёки фойдаланишга беришдан тушадиган тушумлар ҳисоби фақат “Менинг уйим” ахборот биллинг тизими орқали юритилади.

Фото: Kun.uz

Қарорга кўра, аввало Тошкент шаҳрида уй-жой мулкдорларининг умумий йиғилишини чақириш, ўтказиш ва қарор қабул қилиш, шартномалар тузиш, бошқарувчилар томонидан мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш жараёнлари тўлиқ “Менинг уйим” ахборот биллинг тизими (АБТ) орқали амалга оширилади. 2027 йилдан бошлаб мазкур тартиб республиканинг барча ҳудудларига татбиқ этилади.

Шунингдек, кўп квартирали уйларда мажбурий бадал ва тўловлар, умумий мол-мулкни ижарага ёки фойдаланишга беришдан тушадиган маблағлар, ҳисоби ҳам айнан шу тизим орқали юритилиши белгиланди.

Қарорда таъкидланишича, мазкур механизм уй бошқарувида шаффофликни таъминлаш, молиявий ҳисоб-китобларни ягона платформа орқали назорат қилиш ҳамда мулкдорлар иштирокини кучайтиришга қаратилган.

Бундан ташқари, инвестиция лойиҳаларини саралашда халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари қарори талаб этилиши, шунингдек, туташ ҳудудлардаги дарахт ва буталарни хатловдан ўтказиб, маълумотларни “Менинг уйим” тизимида акс эттириш тартиби ҳам жорий этилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид