Ўзбекистон | 09:29
809
2 дақиқада ўқилади

Сув тежовчи технологияларни жорий этишнинг янги тартиби белгиланди

2026 йил 1 октябрдан сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқариш ва ўрнатишда мажбурий талаблар, QR-кодли ёрлиқлаш ҳамда GPS-трекер ўрнатиш тартиби жорий этилади. Шунингдек, ташаббускорларга субсидия ажратишнинг янги механизми амал қилади.

Фото: produkte.migros.ch

Янги қарорга кўра, 2026 йил 1 октябрдан таъминотчи корхоналар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан сув тежовчи технологияларнинг насос ва филтр қурилмалари махсус рақамли QR-кодли ёрлиқланган белги остида ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, уларга сунъий йўлдош кузатув тизими (GPS трекер)ни ўрнатиш тартиби жорий этилади.

Шу санадан бошлаб сув тежовчи технологияларни ўрнатиш ишлари тасдиқланган минимал талаб ва меъёрлар асосида мажбурий тартибда амалга оширилади.

Қарор билан сув тежовчи технологияларни банк кредитларини жалб этмасдан, ўз маблағлари ҳисобидан жорий этадиган ташаббускорлар учун субсидия ажратишнинг янги тизими ҳам белгиланди.

Унга кўра:

  • лойиҳа ташаббускори сув тежовчи технологияларни жорий қилиш учун белгиланган минимал талаб ва меъёрлар асосида лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқади;
  • мазкур ҳужжатлар ҳамда таъминотчи корхона билан тузилган шартнома Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан ҳисоб-китоб қилинган субсидия маблағининг 50 фоизини олдиндан ажратишга асос бўлади;
  • технологиялар лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ ўрнатилиб, фойдаланишга топширилгандан сўнг субсидиянинг қолган 50 фоизи лойиҳа ташаббускорига тўлаб берилади;
  • субсидиянинг дастлабки 50 фоизи ажратилганидан кейин икки ой ичида технологиялар ўрнатилиб ишга туширилмаган тақдирда, берилган маблағлар белгиланган тартибда қайтарилади.

Мазкур чора-тадбирлар сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш ва замонавий тежамкор технологияларни кенг жорий этишга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид