Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ядро қуроли: Россия Лондон ва Парижни келишувга қўшмоқчи
АҚШ янги ядровий қуролларни назорат қилиш шартномасида Хитой иштирок этишини талаб қилмоқда. Москва эса кўп томонлама мулоқотга Буюк Британия ва Францияни ҳам киритиш керак, деб ҳисоблайди. ХХР музокаралардан бош тортмоқда.
Буюк Британия ва Франция ядровий қуролларни назорат қилиш бўйича кўп томонлама мулоқотда иштирок этиши керак. Бундай фикрни жума куни, 6 февралда БМТнинг Женевадаги бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузурида РФнинг доимий вакили Геннадий Гатилов билдирди. У 19 январдан 27 мартгача Женевада ўтаётган Қуролсизланиш бўйича конференцияда сўзга чиқди.
«Агар ядровий қуролни назорат қилиш бўйича кўп томонлама мулоқот ҳақида, айниқса ядровий қуролларни кўп томонлама қисқартириш ҳақида жиддий гап кетса, Россия учун НАТО бўйича АҚШнинг ҳарбий иттифоқчилари бўлган Буюк Британия ва Францияни бундай ҳамкорликка жалб қилиш принципиал аҳамият касб этади», — деди Гатилов.
Бу изоҳ Россия—АҚШ ўртасидаги стратегик ҳужумкор қуролларни янада қисқартириш ва чеклаш чоралари тўғрисидаги шартнома (СҲҚ-3 ёки New START) амал қилиш муддати тугаганидан кейин айтилди. У икки давлатнинг ядровий арсеналларини чеклаб турган сўнгги келишув эди.
Келишув истиқболларига Кремл ҳам изоҳ берди. «Жумладан, бу ҳақда Абу-Дабида ҳам гап бўлди: ҳар икки томон масъулиятли позицияни эгаллайди ва ҳар икки томон бу мавзу бўйича музокараларни имкони борича тезроқ бошлаш зарурлигини англамоқда», — деди РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
АҚШ президенти Доналд Трамп 5 феврал куни ядровий қуролларни назорат қилиш бўйича янги шартнома ишлаб чиқиш тарафдори эканини билдирди. Оқ уй раҳбари бир неча бор ядровий арсеналларни чеклашга қаратилган янги шартномада Хитой ҳам иштирок этишини хоҳлашини айтган.
АҚШ давлат котиби Марко Рубио X ижтимоий тармоғида СҲҚ «бошқа даврда, бошқа вазифалар учун ишлаб чиқилгани» ва «энди ўз мақсадига мос келмай қолгани»ни таъкидлади. «Биз барча эҳтимолий ядровий қудратлар учун юқори стандартларни белгилаймиз. Ва биз ҳар доим куч позициясидан музокара олиб борамиз», — деди АҚШ ташқи сиёсат идораси раҳбари.
Рубионинг қайд этишича, Россия қўллаб-қувватлаётган Хитой ҳарбий қудратининг оширилиши ҳисобга олинмаган қуролларни назорат қилиш келишуви, шубҳасиз, АҚШ ва унинг иттифоқчилари хавфсизлиги даражасини пасайтиради.
АҚШ давлат котибининг қуролларни назорат қилиш ва халқаро хавфсизлик бўйича ўринбосари Томас Динанно ҳам 5 феврал куни Женевада Вашингтон Пекинни жалб қилишни исташини билдирди. Унинг таъкидлашича, 2026 йилда фақат битта бошқа ядровий давлат билан икки томонлама шартнома тузиш «оддий қилиб айтганда, мақсадга мувофиқ эмас».
Reuters агентлиги қайд этишича, Хитой ўз навбатида музокараларда иштирок этишдан бош тортмоқда. Хитойнинг қуролсизланиш масалалари бўйича элчиси Шэн Цзяннинг айтишича, тахминан 600 та ядровий жанговар каллакка эга Пекиннинг захираси АҚШ ва Россияникига қараганда анча кам: баҳоларга кўра, уларнинг ҳар бирига 4000 тадан тўғри келади.
Аввалроқ, 2026 йил 5 февралда стратегик ҳужумкор қуролларни қисқартириш тўғрисидаги шартнома амал қилиш муддати тугади. У ўн йилдан ортиқ вақт давомида дунёдаги энг катта ядровий арсеналлар устидан назоратни таъминлаб келган. Шартнома аниқ лимитларни белгилаган: 700 та жойлаштирилган ва жами 800 та мавжуд ташувчигача, шунингдек 1550 та стратегик ядровий зарядгача — бунда қитъалараро баллистик ракеталар, сувости кемаларидан учириладиган баллистик ракеталар, оғир бомбардимончиларда жойлашган зарядлар, ҳатто янги тизимлар ҳам ҳисобга олинган.
АҚШ ва Россия бу чекловларга 2018 йилда эришган ва шартнома амал қилишини тўхтатгунга қадар уларга риоя қилиб келган. СҲҚ-3 текширувнинг батафсил тартиб-таомилларини — инспекциялар, телеметрия алмашинуви, ягона маълумотлар базаси орқали шаффофлик, шунингдек икки томонлама маслаҳат комиссияси ишини — ўз ичига олган. Бу мажбуриятлар бажарилишини назорат қилиш ва ишончсизлик ҳамда кескинлашув хавфларини камайтиришга хизмат қилган.
Энди шартнома тугагач, Россия ва АҚШ ўртасида стратегик ядровий кучларни чеклайдиган юридик механизмлар қолмади. Бу икки мамлакат биргаликда жаҳон ядровий арсеналининг 80 фоиздан ортиғига эга.
СҲҚни узайтириб бўлмайди. Reuters эслатишича, матнда фақат бир марта узайтириш имкони назарда тутилган эди ва РФ президенти Владимир Путин ҳамда АҚШнинг ўша пайтдаги раҳбари Жо Байден 2021 йилда муддатни беш йилга узайтиришга келишган.
2025 йил сентябрда Путин АҚШга шартнома амал қилиш муддати тугаганидан кейин ҳам стратегик ҳужумкор қуролларни қисқартириш бўйича келишувга яна бир йил давомида амал қилиш мажбуриятини олишни таклиф қилган. Россия бунга Вашингтон ҳам худди шундай қадам ташлаши шарти билан тайёр, деди РФ президенти 22 сентябрда Хавфсизлик кенгаши аъзолари билан йиғилишда.
Мавзуга оид
20:32 / 13.06.2026
Ўзбекистонликлар учун Францияда мавсумий иш таклиф этилмоқда
10:02 / 13.06.2026
Украина армиясида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди
18:11 / 12.06.2026
Uzbekistan Airways ёнилғи танқислиги туфайли Ўзбекистондан Россияга айрим парвозларни қисқартиради
17:21 / 12.06.2026