Жаҳон | 15:07 / 09.02.2026
4563
3 дақиқада ўқилади

Украинада Россия Starlink’дан узишни қандай четлаб ўтаётгани айтилди

Украина Мудофаа вазирлиги маслаҳатчиси Сергей Бескрестновнинг айтишича, Starlink’дан узилганидан кейин ҳам Россия армияси дронларни Mesh-тармоқлар орқали онлайн бошқаряпти. Унинг фикрича, бундай тармоқларга қарши курашни бир неча ой олдинроқ бошлаш керак эди.

Фото: Pavlo Pakhomenko/NurPhoto

Россия армияси Starlink’дан фойдаланишга чекловлар жорий этилганига қарамай, парвоз пайтида дронларни Mesh-тармоқлар — ўзаро ўрнатилган модемлар орқали бир-бири билан мувофиқлашиб ишлайдиган дронлар тармоғи ёрдамида ҳали ҳам онлайн бошқариши мумкин. Бу ҳақда Украина мудофаа вазири маслаҳатчиси Сергей Бескрестнов украинанинг Radio NV радиосига берган интервюсида айтди, интервю парчалари якшанба куни, 8 февралда эълон қилинди.

Mesh-тармоқда дронлар ўртасидаги алоқа шунга асосланадики, ҳар бир модем бир вақтнинг ўзида ҳам бошқага сигнал узата олади, ҳам қабул қила олади. Натижада ҳавода дронлардан иборат занжир ҳосил бўлади, ҳатто занжир бўғинларидан бири ишдан чиқса ҳам, у сақланиб қолади. Шу каби занжир орқали дронни онлайн бошқариш ҳужумни GPS орқали бошқаришга қараганда аниқроқ қилади.

“Биз ҳозир россияликлар қандай ҳужум қилаётганини кўряпмиз — бу бошқа нарса: дронларни радиомодемлар орқали бошқариш, Mesh-тармоқлар, оддий қилиб айтганда — Россиянинг ўзида туриб. Яъни бу биз учун, шахсан мен учун — чақириқ. Ва биз бу масалани ҳам ёпамиз. Бунга анча олдин — яна бир неча ой олдин киришиш керак эди”, — деди Бескрестнов. Маслаҳатчи Mesh-тармоқлар қандай тарзда блокланишини айтмади. Бироқ у ҳозир ҳарбийлар “локомотивлар, подстанциялар (электр узатиш/тақсимлаш станциялари)ни Mesh-тармоқли дронлардан ҳимоя қилиш” устида ишлаётганини қайд этди.

Феврал ойи бошида Starlink’ни ишлаб чиқувчи SpaceX Украина томонининг илтимосига кўра Россия армиясининг сунъий йўлдош алоқасидан фойдаланишини чеклаш учун чоралар кўрган. Энди компания ишлаб чиқарган терминаллар 75–90 км/соат тезликда ишлашдан тўхтайди. Шу сабабли бундай терминални узоқ масофага учувчи дронга ўрнатиш камроқ самарали бўлади.

“Starlink’нинг Россия томонидан рухсатсиз ишлатилишини тўхтатиш бўйича кўрган қадамларимиз ўз самарасини берди. Қўшимча чоралар керак бўлса, бизга хабар беринг”, — деб изоҳлади SpaceX асосчиси Илон Маск янгиликларни.

Бундан ташқари, Украинада маҳаллий компаниялар, жисмоний шахслар ёки ҳарбийлар ишлатаётган терминаллар учун “оқ рўйхатлар” (white lists) жорий этилди. Ҳокимият мамлакатда “фақат текширилган ва рўйхатдан ўтказилган” қурилмалар ишлашини истамоқда. Мудофаа вазири Михаил Федоровнинг сўзларига кўра, Украина фронтида Россия қўшинлари фойдаланаётган терминаллар аллақачон деактивация қилинган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид