Жаҳон | 18:05
2929
4 дақиқада ўқилади

Бой одамларнинг тарихдаги «энг катта миграцияси» ҳақида хабар берилди

Хусусий капиталнинг кўчиши рекорд даражага етди. Янги мамлакатларга бутунлай кўчиб кетадиган миллионерлар сони бу йил 165 мингга етиши мумкин. Энг бой хорижликларни БАА қабул қилган.

Фото: Getty images

Дунёнинг энг бадавлат оилалари яшаш ва бизнес юритиш давлатларини оммавий равишда ўзгартирмоқда, кўчиб ўтиш жойлари орасида БАА етакчилик қилмоқда, деб ёзди CNBC. Хусусий капитал ҳаракати рекорд даражага етди, дейилади мақолада.

UBS банки маълумотларига кўра, сўровда қатнашган 87 миллиардернинг 36 фоизи 2025 йилда яшаш мамлакатини ўзгартирган, яна 9 фоизи кўчиш ҳақида ўйламоқда. Банк содир бўлаётган воқеаларни «тарихдаги энг йирик хусусий капитал миграцияси» деб атади.

Henley & Partners ҳисоботида айтилишича, бу йил оиласи ва бизнесини олиб, янги мамлакатларга абадий кўчиб ўтадиган миллионерлар сони 165 мингга етиши мумкин. Бадавлат одамларнинг глобал миграциясининг асосий сабаби асосан инвестиция инфратузилмаси бўлиб, у барча бундай кўчишларнинг тахминан 30 фоизини ташкил қилади.

Мутахассисларнинг айтишича, бой оилалар геосиёсат ва қонунларнинг кучайиши туфайли яшаш ва фуқаролик мамлакатларини ўзгартира бошлаган. Буюк Британияда 2025 йил апрель ойида норезидентлар учун махсус солиқ режимининг бекор қилиниши бунга мисол бўла олади. Henley & Partners ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йили қиролликдан чиқиб кетиш 16,5 минг миллионерни ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 9,5 мингни ташкил этган, уларнинг умумий бойлиги эса 92 миллиард долларга баҳоланган.

Greenback йиллик сўровига кўра, Қўшма Штатлардан ташқарида яшовчи америкаликларнинг фуқароликдан воз кечиш имкониятини кўриб чиқаётганлар улуши бир йил ичида 30 фоиздан 49 фоизгача ошган. Сўралганларнинг ярмидан кўпи (51 фоиз) буни Оқ уй сиёсатидан норозилик билан изоҳлаган.

Капитал кўчиришнинг асосий йўналиши БАА бўлди. 2025 йилда у ерга соф оқим 9,8 минг миллионерни ташкил этди - бу дунёдаги энг яхши кўрсаткич. Сабаблар орасида даромад солиғи, капитал солиғи йўқлиги ва инвесторлар учун «олтин виза» олишнинг мослашувчан дастури бор.

Италия, Швейцария, Португалия, Греция ва Сингапур миллионерлар кўчиб ўтишининг машҳур йўналишлари бўлиб, улар имтиёзли солиқ режимлари, инвестиция дастурлари ва ҳаёт сифати орқали ўз жозибадорлигини кучайтирмоқда. Янги йўналишлар қаторида Саудия Арабистони ҳам бор, у 2024 йилда Premium Residency дастури доирасида кўчиб ўтиш учун 8 мингдан ортиқ рухсатнома берган. Бу истеъдодли одамлар ва тадбиркорларга бериладиган махсус яшаш гувоҳномасидир.

2025 йил ёзида шахсий капитали 1,4 млн доллардан кам бўлмаган британиялик миллионерларнинг ярмидан кўпи, агар ҳукумат янги ҳашамат солиғини жорий қилса, қиролликни тарк этиши мумкинлигини айтди. Улар кўчиб ўтиш ўз молиявий аҳволини яхшилаши мумкинлигини таъкидлади. Эҳтимолий эмиграция учун мамлакатлар рейтингида АҚШ, Канада, Австралия ва БАА етакчилик қилди.

Кейинроқ The Financial Times нашри бадавлат французлар ўз маблағларини кўпроқ хорижга - Люксембург ва Швейцарияга ўтказаётгани ҳақида ёзди.

Henley Private Wealth Migration Report маълумотларига кўра, ўтган йил глобал хусусий капитал бозори учун бурилиш йили бўлди - кўчиб ўтувчи миллионерларнинг умумий сони 142 мингни ташкил этиши кутилмоқда. Бу барча кузатувлар давридаги энг катта кўрсаткичдир, дейилади тадқиқотда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид