Учрашув аввалида БАА президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён, мамлакат бош вазири ва Дубай амири Шайх Муҳаммад Ол Мактум ҳамда вице-президент Шайх Мансур Ол Наҳаённинг самимий саломи ва эзгу тилаклари давлатимиз раҳбарига етказилди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланаётгани мамнуният билан қайд этилди. Томонлар давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, бюрократияни қисқартириш ва ислоҳотлар натижадорлигини таъминлашга қаратилган қўшма “йўл харитаси”нинг амалий ижросини юқори баҳолади.

Шунингдек, “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” таълим дастури доирасида эришилган натижалар эътироф этилди. Лойиҳа ҳозирга қадар бир миллиондан ортиқ иштирокчини қамраб олгани таъкидланди.
Учрашувда давлат органлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш, маҳаллий ҳокимият вакилларини мазкур жараёнларга кенг жалб этиш, шунингдек, умуммиллий китобхонлик ҳаракатини биргаликда йўлга қўйиш режалари кўриб чиқилди.
Томонлар ёшларни қўллаб-қувватлаш, қўшма тараққиёт форумларини ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон ривожига хизмат қилувчи стратегик ва концептуал ҳужжатларни тайёрлаш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.

















