Жамият | 16:08
8240
3 дақиқада ўқилади

Қаллибек Камалов 100 ёшда вафот этди

У советлар даврида 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси Қорақалпоғистон Республикаси қўмитасининг биринчи котиби сифатида мазкур ҳудудга раҳбарлик қилганди.

Фото: t.me/xaliq_ushin

Атоқли давлат ва жамоат арбоби, таниқли меҳнат фахрийси Қаллибек Камалов шу йил 11 феврал куни 100 ёшида вафот этди. Президент матбуот хизмати унинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик эълон қилди.

«У кўп йиллик серқирра меҳнат фаолияти давомида бой билим ва тажрибаси, раҳбарлик салоҳияти, юксак инсоний фазилатлари, Ватанимизга беқиёс меҳри ва садоқати билан эл-юрт қалбидан чуқур жой олган улуғ инсон эди. Унинг бевосита раҳбарлигида Қорақалпоғистон Республикасини ҳар томонлама тараққий эттириш, мавжуд мураккаб иқлим шароитида пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик ва бошқа қишлоқ хўжалиги тармоқларини, шунингдек, саноат ва ишлаб чиқаришни равнақ топтириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.

Қаллибек Камалов сўнгги йилларда Қорақалпоғистон Республикаси нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси сифатида кексалар ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш, жамиятда тинчлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги ишларда фаол иштирок этиб келди.

Атоқли давлат ва жамоат арбоби, ёшларнинг меҳрибон устози, самимий ва камтарин инсон Қаллибек Камаловнинг хотираси қалбларимизда доимо сақланиб қолади», – дейилади таъзия матнида.

Қаллибек Камалов 1926 йил 18 мартда Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир туманида туғилган. Ўрта мактабни тугатиб, ҳарбий хизматни ўтаб бўлгач, 1955 йилда Нукус давлат университетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини Қорақалпоғистон Республикаси ёшлар қўмитаси котиби лавозимидан бошлаб, кейинчалик турли йилларда Қорақалпоғистон АССР Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, Нукус шаҳар ижроия қўмитаси раиси, коммунал хўжалиги вазири, республика автомобил транспорти ва автомобил йўллари вазири бўлган.

1958–1959 йилларда Ўзбекистон Компартияси Қорақалпоғистон қўмитаси котиби, 1959–1963 йилларда Қорақалпоғистон АССР Вазирлар Кенгаши раиси, 1963–1984 йилларда Ўзбекистон Компартияси Қорақалпоғистон қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлаган.

1984–1986 йилларда СССРнинг Констанса (Руминия) шаҳридаги бош консули бўлган.

1987 йилда «пахта иши» бўйича қамоққа олинган. 1989 йил охирида 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва Социалистик Меҳнат Қаҳрамони унвони ҳамда бошқа кўплаб мукофотлардан маҳрум қилинган. Кейинчалик у иш бўйича бошқа маҳкумлар каби афв этилган.

Қаллибек Камаловнинг укаси Тимур Камалов 1997–2002 йилларда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси бўлган. 2020–2022 йилларда эса Қаллибек Камаловнинг ўғли Мурат Камалов ҳам худди шу лавозимда ишлаган.

Қаллибек Камалов «Шуҳрат» медали ва «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид