Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европарламент бошпана бериш бўйича янада қатъий қоидаларни маъқуллади
Европарламент депутатлари миграция қонунчилигини қатъийлаштирадиган икки қонунни қабул қилди. Улар “хавфсиз мамлакатлар” рўйхатини маъқуллади ва бошпана сўровчиларни улар билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаган учинчи давлатларга юборишга рухсат берди.
Европарламент (ЕП) ЕИда бошпана беришга оид янги, янада қатъий қоидаларни якуний тарзда маъқуллади. Сешанба куни, 10 февралда Страсбургдаги мажлисда 408 нафар депутат “хавфсиз учинчи мамлакатлар” рўйхатини тузишни қўллаб-қувватлади. ЕП сайтида хабар қилинишича, эндиликда Бангладеш, Миср, Ҳиндистон, Колумбия, Косово, Марокаш ва Тунис “хавфсиз мамлакатлар” деб ҳисобланади.
“Хавфсиз мамлакатлар” рўйхатини тасдиқлашга 184 нафар европарламент аъзоси қарши чиққан, яна 60 нафар депутат бетараф қолган. Бундай рўйхатнинг шакллантирилиши ЕИда бошпана олиш жараёнига таъсир қилади: бу мамлакатлардан келганлар аризалари эндиликда тезроқ кўриб чиқилади ва кўп ҳолларда рад этилади.
Бундан ташқари, агар мазкур давлатларда уруш ёки инсон ҳуқуқларига жиддий таҳдидлар бўлмаса, ЕИга аъзо бўлишга номзод мамлакатлар (жумладан, Сербия ва Туркия) ҳам “хавфсиз” деб ҳисобланади. Ҳозиргача бундай рўйхатларни ЕИнинг айрим аъзо давлатлари, жумладан Германия ҳам, алоҳида юритиб келган.
Шунингдек, Европарламент “хавфсиз учинчи мамлакатлар” концепциясини қўллаш тартиби тўғрисидаги регламентни ҳам маъқуллади. Унга 396 нафар депутат овоз берган, 226 нафар қарши чиққан, яна 30 нафар бетараф қолган. Янги қоидалар ЕИ давлатларига қочқинларни улар билан ҳеч қандай боғлиқлиги бўлмаган мамлакатлардаги бошпана бериш марказларига депортация қилиш имконини беради.
Бундай модел аввал Буюк Британияда синаб кўрилган ва “Руанда модели” деб аталган. ЕИ давлатлари учинчи мамлакатлар билан бошпана сўровчиларни қабул қилиш ҳақида келишувлар тузиши мумкин, сўровчилар эса аризаларини ўша давлатларда топшириши мумкин бўлади.
Шунингдек, қуйидаги ҳолларда ЕИда бошпана сўрови рад этилиши мумкинлиги қайд этилган: агар ариза берувчи хавфсиз учинчи мамлакат орқали ўтган бўлса ва у ерда “самарали ҳимоя” сўраш имкониятига эга бўлган бўлса ёки агар бу мамлакат ЕИ билан бошпана изловчиларни қабул қилиш бўйича келишувга эга бўлса (ҳамроҳсиз вояга етмаганлар бундан мустасно).
Бу қоидалар ЕИнинг миграция ва бошпана бериш соҳасидаги чора-тадбирлар пакетига киради, у 2026 йил июн ойида кучга кириши керак. Айрим нормалар эса бундан ҳам олдин қўлланиши мумкин. Бу қарор ҳали ЕИ кенгаши томонидан расмий тасдиқланиши талаб этилади.
Бундан олдин DW ёзишича, ЕИнинг янги миграция стратегиясида РФ ва Беларус душман давлатлар сифатида талқин қилинади; визалар стратегиясида улар тўғридан тўғри тилга олинмаса-да, улар фуқароларига виза бериш “мақсадга мувофиқ эмас” деб топилиши мумкин. Шу билан бирга, ЕИда ҳам РФ, ҳам Беларус билан реадмиссия (қабул қилиш-қайтариш) тўғрисида келишув бор — демак, ҳар икки давлат ҳали ҳам мигрантларни қайтариш мумкин бўлган жойлар сифатида қаралади.
“Гуманитар визалар” эса ҳали ҳам берилиши мумкин, аммо ҳар бир ҳолат алоҳида — истисно тарзидаги шахсий вазиятлар асосида кўриб чиқилади. Бироқ ЕИга аъзо давлатлар бошпана сўрамоқчи бўлган шахсларга гуманитар виза беришга мажбур эмас, шу билан бирга, айрим ҳолларда, ҳатто одатий кириш шартлари бажарилмаган бўлса ҳам, индивидуал тарзда бундай визалар берилиши мумкин.
Мавзуга оид
08:53 / 23.06.2026
Стармер истеъфосидан сўнг ЕИ – Буюк Британия саммити қолдирилди
08:58 / 19.06.2026
Орбансиз саммит: ЕИ Украина бўйича ягона позицияга келди
08:22 / 19.06.2026
Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларни илк бор бир йилга узайтирди
09:45 / 16.06.2026