Жаҳон | 15:52
2108
3 дақиқада ўқилади

Зеленский: Янги музокаралар 17–18 феврал кунлари АҚШда режалаштирилмоқда

Украина президенти Володимир Зеленский Bloomberg агентлигига берган изоҳида 11 феврал, чоршанба куни маълум қилишича, Россиянинг урушини тўхтатиш бўйича Россия, Украина ва АҚШ делегациялари ўртасидаги навбатдаги музокаралар раунди 17 ва 18 феврал кунлари АҚШ ҳудудида ўтказилиши режалаштирилган. 

Фото: Emmanuele Contini/NurPhoto

Унинг айтишича, у Вашингтон вакилларининг шу таклифини аллақачон қабул қилган. Аммо Bloomberg қайд этишича, Россия бу АҚШдаги учрашувга рози бўладими-йўқми — ҳозирча аниқ эмас.

Агентлик тахминига кўра, янги музокаралар раунди доирасида томонлар “мураккаб ҳудудий масала”га эътибор қаратади ва АҚШнинг Донбассда буфер тарзидаги “эркин иқтисодий зона” яратиш таклифини муҳокама қилади. Украина президентининг айтишича, ҳар икки томон ҳам бу ғояни шубҳа билан қабул қилмоқда. “Бу борада қарашларимиз турлича. Ва қуйидагига келишдик: келинг, бу қандай кўриниш олиши мумкинлиги ҳақидаги тасаввур билан кейинги учрашувга қайтамиз”, — деди Зеленский Bloomberg’га.

7 феврал куни журналистлар билан учрашувда Украина президенти Вашингтон Киев ва Москва делегацияларига 9 феврал бошланадиган ҳафтада Майамида янги музокаралар раундини ўтказишни таклиф қилганини, у эса ўша таклифни ҳам қабул қилганини айтган эди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, АҚШ урушни ёз бошланишидан олдин якунлашни таклиф қилмоқда, чунки июндан бошлаб бошқа устувор вазифа — Конгрессга сайловлар бўлади.

Россия, Украина ва АҚШ Абу-Дабида икки раунд ёпиқ музокаралар ўтказган. Биринчи раунд 23–24 январ кунлари, иккинчиси эса 4–5 феврал кунлари бўлиб ўтган. 5 феврал куни Киев ва Москва навбатдаги асирлар алмашинуви бўйича келишиб олган. Бироқ Украинадаги урушни якунлаш йўлида яна бир бор сезиларли “бурилиш”га эришилмаган.

Шунга қарамай, бу учрашувлар якунларига кўра, барча томонлар — яъни Россия, Украина ва АҚШ — муайян олға силжиш борлигини билдирган. Хусусан, АҚШ давлат котиби Марко Рубио ҳал этилмаган масалалар рўйхати “сезиларли даражада қисқаргани”ни, аммо “энг мураккаблари қолгани”ни айтган. Энг қийин масалалардан бўлиб Россия армияси томонидан ишғол қилинган Украина ҳудудлари бўйича саволлар, шунингдек Запорижжя АЭСнинг мақоми масаласи қолмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид