Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Барса» йирик ҳисобда ютқазди, «Арсенал» яна очко йўқотди
Каталонияликлар Испания кубоги яримфиналида «Атлетико»га қарши кечган ўйиннинг биринчи бўлимидаёқ 4 та гол ўтказиб юборди ва амалда финалга чиқишдан умид узди.
Испания кубоги, яримфинал, биринчи ўйин
«Атлетико» – «Барселона» 4:0
Голлар: Э. Гарсия, 6 – автогол (1:0). Гризманн, 14 (2:0). Лукман, 33 (3:0). Алварес, 45+2 (4:0)
«Атлетико»: Муссо, Ганцко, Пубил, Руджери, Молина, Коке (Ле Норман, 90), Лиоренте, Лукман (Алмада, 73), Симеоне, Гризманн (Баэна, 68), Алварес (Сёрлот, 68)
«Барселона»: Х. Гарсия, Кубарси (Жоау Канселу, 77), Э. Гарсия, Балде (Араухо, 77), Кунде, де Йонг, Фермин Лопес (Мартин, 87), Касадо (Левандовски, 37), Олмо, Ямал, Торрес
Огоҳлантиришлар: Симеоне, 50. Лиоренте, 51. Баэна, 79. Пубил, 86. Руджери, 90 – Касадо, 26. Олмо, 86. Фермин Лопес, 86
Четлатиш: Э. Гарсия, 85
Испания кубоги яримфиналининг биринчи ўйинида «Барселона» ўз мухлисларини карахт ҳолатга солиб қўйди. Каталонияликлар 2020 йил августидан буён илк бор биринчи бўлимнинг ўзида жавобсиз тўртта гол ўтказиб юборди.
«Барселона» Хулиан Алваресга қизиқаётгани ва Диего Симеоне истеъфога чиқарилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар фонида бўлиб ўтган ўйинга мадридликлар катта иштиёқ билан тушишганди. Мезбонлар илк дақиқалардан интенсив ҳаракат қилиб, анча олдинда прессинг уюштирди ҳамда яккакурашларда ютиб чиқа бошлади.
Меҳмонлар ўйиннинг 70 фоиз вақтида тўпга эгалик қилди, аммо ўйинни «Атлетико» назорат қилди. Ўйиннинг 7-дақиқасидаёқ Эрик Гарсия ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйди: бу вазиятда майдон ҳолати каталонияликларга панд берди, тўп дўнглик туфайли сапчиб кетди ва дарвозабон Жоан Гарсия уни тўхтата олмади.

Бу «Барса» дарвозабони учун мавсумдаги тўртинчи голли хатога айланди. Бу борада ундан ёмонроқ кўрсаткич фақат «Жирона» посбони Пауло Гассанигада – 6.
7 дақиқа ўтиб Гарсиянинг амплуадоши Муссо бошлаб берган ҳужумни Антуан Гризманн гол билан якунлади ва собиқ жамоасига урган голини нишонлади.
«Барселона» ўйиннинг боришини ўзгартиришга ҳаракат қилди, аммо Фермин Лопеснинг зарбасидан кейин тўп дарвоза тўсинига борди. «Атлетико» эса ўз вазиятларидан фойдаланишда давом этди. 33-дақиқада ҳисоб йирик кўринишга келди: Алварес айёрона ҳаракат билан тўпни ўзидан яхшироқ позицияда турган Адемола Лукманга ўтказиб юборди ва мадридликларнинг қишдаги хариди олис бурчакни аниқ нишонга олди.
«Барса»да эса бу вақтгача дарвоза соҳасига тўғри борган бирорта зарба йўқ эди.
37-дақиқада Флик ҳужум чизиғини кучайтириш учун Касадо ўрнига Левандовскини туширди. Танаффус арафасида Фермин Лопесда яна бир вазият бўлди, аммо у Муссо билан дуэлни бой берди.
Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда эса Лукман Алваресга қарзини қайтарди – 4:0.
Флик жамоасининг ҳимоядаги ҳаракатларини қуйидаги кадр яққол ифодалайди – жамоа рақибга жуда кўп эркинлик тақдим этди.

Ўйин тақдирини ҳал қилиб бўлган мезбонлар иккинчи бўлимда куч тежаб ўйнади, аммо гол ўтказмади. 52-дақиқада тўп барибир Облак қўриқлаётган дарвозага кирганида эса, VAR голни бекор қилди.
Бу вазият етти дақиқа давомида текширилди ҳамда якунда Левандовскида кичик офсайд ҳолати қайд этилди.

Қолган вақт мобайнида «Атлетико» ҳисобдан келиб чиқиб ўйнади ва ўз жарима майдонига олиб борувчи барча йўлларни ёпиб ташлади.
Меҳмонларда жароҳат туфайли сафдан чиққан Педри, Рафиня ва Рэшфорд каби асосий таркиб футболчилари йўқлиги билинди. Жавоб ўйинида эса Эрик Гарсия ҳам майдонга туша олмайди – ўйин охирида у сўнгги умид фоли учун қизил карточкага лойиқ кўрилди.
«Атлетико»да 2013 йилдан буён илк кубокни қўлга киритиш учун яхши имконият юзага келди – 3 март куни «Камп Ноу»да ўтадиган учрашувда камбэк амалга ошишига каталонияликларнинг энг ашаддий мухлислари ҳам ишонмаяпти. Яримфиналнинг иккинчи жуфтлиги эса «Атлетик» ва «Реал Сосиедад»дан таркиб топган (биринчи ўйинда «Реал Сосиедад» сафардан минимал ҳисобдаги ғалаба билан қайтган – 1:0).
Англия: чемпионлик пойгаси қизимоқда

АПЛ. 26-тур
«Брентфорд» – «Арсенал» 1:1
Голлар: Люис-Поттер (71) – Мадуэке (61).
«Брентфорд»: Келлеҳер, Айер, ван ден Берг, Ҳенри (Ҳики, 90+5), Йенсен, Кайоде, Люис-Поттер (Дамсгор, 73), Тиаго, Уаттара, Янелт, Ярмолюк (Ҳендерсон, 73).
«Арсенал»: Райя, Габриэл, Москера, Тимбер, Инкапие (Калафиори, 81), Райс, Субименди, Эзе (Эдегор, 46), Мадуэке (Сака, 70), Троссар (Мартинелли, 81), Йокереш.
Огоҳлантиришлар: Янелт (4), Габриэл (20), Йокереш (30), Йенсен (53), Уаттара (86).
«Арсенал» 26-турда «Брентфорд» меҳмони бўлди. Ўзига хос Лондор дербисида икки жамоага ҳам турнир жадвалидаги вазият туфайли очколар керак эди: «Арсенал» «Манчестер Сити» билан орадаги олти очколик фарқни тиклашни, «Брентфорд» – Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи ўринларга чиқиб олишни мақсад қилганди.
Биринчи бўлим анча зерикарли кечди: мезбонлар ўз жарима майдонида тиғиз жойлашиб, тартибли ҳимояланди ва қарши ҳужумларга урғу қаратди, «Арсенал» тўпга эгалик қилган бўлса-да, яққол голли вазиятлар ярата олмади.
45 дақиқаликдаги энг хавфли вазият меҳмонлар дарвозаси томонга бўлди. 22-дақиқада «Арсенал» дарвозабони Давид Райя Игора Тиягонинг бошда йўллаган кучли зарбасидан кейин жамоасини қутқариб қолди.
Иккинчи бўлимни «Арсенал» бош мураббйи Микел Артета Эберечи Эзе ўрнига жамоа сардори Мартин Эдегорни тушириш билан бошлади. Меҳмонлар ҳужумда фаолроқ ҳаракат қила бошлади ва голли вазиятлар юзага келди. 48-дақиқада Леандро Троссарнинг зарбасидан кейин тўп «Брентфорд» ҳимоячисининг қўлига тегди, аммо ҳакам буни пеналти учун етарли эмас деб ҳисоблади. Кейинроқ Эдегор яхши вазиятдан зарба берди, аммо тўп юқоридан ўтиб кетди.
Воқеалар ривожи голга қараб кетаётганди ва бу гол урилди. 61-дақиқада Пиеро Инкапие чап қанотдан дарвозабон ҳудудига тўп оширди, Нони Мадуэке эса бошда у қадар кучли бўлмаган, лекин аниқ зарба йўллади ва тўп Келлеҳер қўриқлаётган дарвоза бурчагига бориб тушди.
Шундан кейин мезбонлар уйғонишди. Аввалига Игор Тияго яна бир бор хавфли зарба бериб, Райянинг ҳушёрлигини текшириб кўрди. 71-дақиқада эса «Брентфорд» футболчилари голли ҳужум ўйлаб топишди. Микаел Кайоде аут ижро этишдан олдин тўпни узоқ вақт сочиқ билан артди. Бу бежиз эмасди: у отган тўп аввалига жарима майдонидаги Сепп ван дер Бергга етиб борди, ундан Кин Люис-Поттерга оширилди. Ва 170 сантиметр бўйга эга футболчи тўпни меҳмонлар дарвозасига киритиб юборди.
Ҳисоб тенглашганидан кейин мезбонлар ғалаба учун ўйнади. «Арсенал» эса биринчи бўлимдаги ҳолатига қайтиб қолди. «Брентфорд» ғалабани илиб кетиши ҳам мумкин эди, аммо 87-дақиқада Тияго жуда қулай вазиятни қўлдан чиқарди: у дарвозабон билан яккама-якка вазиятдан зарба берди, аммо ортдан етиб келган ҳимоячи Кристиян Москер тўп йўлига оёқ қўйишга улгурди.

Қўшимча дақиқаларда икки жамоада ҳам биттадан яққол вазият бўлди. 90+2-дақиқада Тияго «Арсенал» жарима майдонига ёриб кирди ва кучли зарба берди – тўп тўсин юқорисидан ўтиб кетди. Бир дақиқа ўтмай Габриэл Мартинелли «Брентфорд» дарвозабони билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди, аммо масофани қисқартирган Келлеҳерни алдай олмади.
«Арсенал» сўнгги олти турда тўртинчи бор очко йўқотди (3 дуранг ва бир мағлубият). Натижада энди иккинчи ўринда келаётган «Манчестер Сити» билан орадаги фарқ тўрт очкогача қисқарди. Мавсум якунига ҳали 12 тур бор, лекин чемпионлик масаласи катта эҳтимол билан апрел ойида ушбу жамоаларнинг ўзаро ўйинида ҳал бўлади.

Мавзуга оид
14:09 / 09.02.2026
«Реал» чемпионлик пойгасида қолди, «Интер», «Бавария» ва «ПСЖ» рақибларини йўқ қилмоқда
12:07 / 09.02.2026
Фантастик гол, баҳсли пеналти ва сўнгги дақиқалардаги драма. «Сити» ғалабани илиб кетди
12:35 / 08.02.2026
«МЮ»да ғалабали серия, Палмерда тарихий ҳет-трик, Ямалда рекорд. Кун ўйинлари
11:13 / 05.02.2026