Таълим | 12:36 / 13.02.2026
1677
2 дақиқада ўқилади

Мактаб ва коллежларда “Моҳирлик ва бизнес соати” жорий этилади

Президент қарорига мувофиқ, 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб таълим муассасаларида ўқувчиларни стартап ғоя яратишга ўргатишга қаратилган “Моҳирлик ва бизнес соати” тадбирлари мунтазам ўтказилади.

Фото: Kun.uz

Қарорга кўра, 2026-2027 ўқув йилидан босқичма-босқич ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари ўқувчилари ҳамда умумий ўрта таълим ташкилотларининг 9–11-синф ўқувчилари учун ҳар ойда камида 2 маротаба “Моҳирлик ва бизнес соати” тадбирларини ташкил этиш йўлга қўйилади.

Тадбирлар доирасида қуйидаги йўналишлар белгиланган:

  • “Энг яхши стартап ғояси” танлови ўтказилади. Туман босқичи ғолибларига 5 млн сўмгача, вилоят босқичи ғолибларига 10 млн сўмгача мукофот берилиши кўзда тутилган;
  • яратилган лойиҳалар ҳар чоракда ўқувчиларнинг ота-оналари, бизнес ва илмий ҳамжамият вакилларига тақдимот қилинади;
  • маркетплейслар билан ҳамкорлик ўрнатилиб, таълим ташкилотларида яратилган маҳсулотларни сотиш амалиёти йўлга қўйилади.

Шунингдек, қарорда 2026 йил 1 апрелдан давлат органлари, ташкилотлар ва давлат иштирокидаги корхоналар ўз соҳасидаги ечим талаб қилаётган муаммо ва масалалар бўйича краудсорсинг электрон платформаси орқали танловлар ташкил этиши ҳамда ҳар ой стартап ташаббускорлари билан учрашувлар — “Стартап куни” тадбирларини ўтказиши назарда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид