Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Олимпиада-1936 рамзи туширилган футболка онлайн-дўконда “тугаб қолди”
Италиядаги Олимпия ўйинларининг онлайн-дўконида сотилган 1936 йилги нацистлар Олимпиадаси рамзлари туширилган футболка Германия ОАВда мусобақанинг сиёсий контексти ҳақида ахборот берилмагани учун танқидга учради.
Немис ОАВда кучли танқидлар тўлқини ортидан нацистлар Германиясида ўтган Олимпиада–1936 рамзлари туширилган футболкалар Олимпия ўйинларининг онлайн-дўконида “тугаб қолди” деб белгиланди. Товарни пайшанба, 12 феврал куни ҳам сайтдан топиш мумкин эди, аммо уни буюртма қилиш имконсиз бўлган.
Италиядаги қишки ўйинлар бошланиши арафасида мусобақанинг расмий онлайн-дўкони (уни Халқаро Олимпия қўмитаси буюртмаси билан хусусий Британия компанияси бошқаради) ўтган Олимпиадалар рамзларига бағишланган футболкалар коллекциясини чиқарди.
Хусусан, коллекцияда Афина, Рим, Лос-Анжелес, Сеул, Сидней ва бошқа шаҳарларда ўтган ўйинлар мотивлари ҳам бор. Коллекция тавсифида шундай дейилган: “Ҳар бир ўйин тарихда инсонлар дунё бир жойга йиғилиб, инсониятни улуғлаш учун тўпланган ноёб вақт ва ноёб маконни акс эттиради”.
Bild газетасига кўра, коллекцияда рассом Франц Вюрбел томонидан яратилган 1936 йилги Олимпиаданинг расмий плакати туширилган футболка ҳам сотилган: унда лавр гулчамбари таққан антиқа ҳайкал, Берлиндаги Бранденбург дарвозасининг квадрига ҳайкали ва олимпия ҳалқалари акс этган. Ўйинлар вақтида ҳокимият “тинчликсевар” Германия образини тарғиб қилган, ҳолбуки ўша пайтдаёқ мамлакатда яҳудийлар ва режимнинг сиёсий мухолифлари таъқиб қилинган эди. Олимпиада–1936дан уч йил ўтиб, Германия Иккинчи жаҳон урушини бошлади.
Bild билан суҳбатда Берлин федерал ер ҳудудининг парламенти (депутатлар палатаси)да “Иттифоқ-90/Яшиллар” партиясидан депутат Клара Шедлих 1936 йилги Олимпиада нацист режими пропагандасининг марказий воситаси бўлганини эслатди. Унинг айтишича, режим “халқаро тан олинишни таъминлаган ва диктатурани нормал ҳолатдек кўрсатган — унинг жиноий моҳиятини яширган”. Шедлих фикрича, 1936 йилги ўйинларни нацистлар пропагандаси билан боғлиқлигидан айро ҳолда кўриб бўлмайди.
11 феврал кечқуруни эълон қилинган баёнотда Халқаро олимпия қўмитаси Берлиндаги 1936 йилги Олимпия ўйинлари ва нацистлар пропагандаси ўртасидаги “боғлиқлик”ни, албатта, тан олишини билдирган. Бироқ у “ўша ўйинларнинг спорт ўлчови”ни ҳам инобатга олишга чақирган: ўша пайтда 49 мамлакатдан 4483 нафар спортчи 149 та мусобақада медаллар учун курашган.
Мавзуга оид
20:51 / 19.06.2026
«Италия ва мен ҳеч қачон ёлвормаймиз» - Мелони Трампга кескин эътироз билдирди
10:10 / 18.06.2026
Ўзбекистонлик шифокорлар Италияда 5 минг еврогача маош олиши мумкин
11:00 / 10.06.2026
Париж исроиллик вазирга қарши санкциялар жорий қилди
22:05 / 29.05.2026