Ўзбекистон | 12:55
3023
2 дақиқада ўқилади

Президент Оҳангаронда юқори кучланишли кабел корхонаси билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев 13 феврал куни Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманига ташриф буюриб, юқори кучланишли кабел маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган Enco Group корхонасида амалга оширилаётган лойиҳа ва унинг экспорт салоҳияти билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 13 феврал куни Оҳангарон туманидаги Enco Group корхонаси фаолияти кўздан кечирилди. Ташрифда мамлакатда энергетика тармоғини модернизация қилиш, янги электр станциялари ва нимстанциялар қуриш, магистрал тармоқларни янгилаш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш бўйича ишлар натижасида юқори кучланишли узатиш тармоқларини ривожлантириш зарурати ортгани қайд этилди.

Маълум қилинишича, юқори кучланишли кабел маҳсулотларига ички ва ташқи бозорларда барқарор талаб шаклланмоқда. Ушбу талабни қондиришга қаратилган Enco Group лойиҳаси Беларуснинг Energokomplekt компанияси билан ҳамкорликда Eltech Industrial технопарки ҳудудида 21 гектар майдонда барпо этилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 60 млн долларни ташкил этиб, корхона тўлиқ қувватга чиққанидан сўнг 600 га яқин янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Лойиҳа икки босқичда амалга оширилаётгани, корхона йиллик 25 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариши ва экспорт салоҳияти 300 млн долларни ташкил этиши кутилayotgani маълум қилинди. Ҳозирда биринчи босқич қурилиши 98 фоизга якунланган, 10 млн доллардан ортиқ инвестиция ўзлаштирилган. Маҳсулотларни Германия, Латвия, Эстония, Болгария ҳамда МДҲ давлатларига экспорт қилиш режалаштирилган бўлиб, йиллик экспорт ҳажми 140 млн долларга етиши тахмин қилинмоқда.

Шунингдек, ўтган йили Ўзбекистонга 400 млн долларга яқин юқори кучланишли кабел маҳсулотлари ва изоляцияланган мис шиналар импорт қилингани, корхона тўлиқ ишга туширилгандан кейин 150 млн долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти яратилиши таъкидланди.

Давлат раҳбарига корхонанинг ривожланиш режалари, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича таклифлар тақдим этилди. Президент саноат кооперациясини кенгайтириш, маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш, илғор технологияларни жорий этиш ҳамда экспортбоп рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кучайтириш юзасидан кўрсатмалар берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид