Жаҳон | 14:18 / 13.02.2026
1322
2 дақиқада ўқилади

Россия Олий суди ФБК юридик шахсининг “террористик” мақомини тасдиқлади

РФ Олий суди Anti-Corruption Foundation — АҚШдаги ФБКнинг юридик шахси террористик ташкилот деб тан олиниши ва Россияда тақиқланиши ҳақидаги қарорни кучда қолдирди. Йиғилиш ёпиқ тарзда бўлиб ўтди.

Фото: Mikhail Tereshchenko/dpa/TASS/picture alliance

РФ Олий суди коррупцияга қарши кураш фонди (ФБК)нинг АҚШдаги юридик шахси ҳисобланган Anti-Corruption Foundation, Inc. (ACF) ташкилотини Россияда террористик деб тан олиш ва фаолиятини тақиқлаш ҳақидаги қарорни кучда қолдирди. Бу ҳақда пайшанба, 12 феврал куни “Интерфакс” агентлиги хабар берди. Судя қарорини агентлик мухбирлари қуйидагича келтирди: “Қарор ўзгаришсиз қолдирилсин, апелляция шикояти қаноатлантирилмасин”. Йиғилиш эшитувчилар учун ёпиқ тарзда ўтган.

Шу куни, 12 февралда, РФ Олий судининг уч нафар судяси ёпиқ мажлисда ФБКнинг Америкадаги юридик шахсига террористик ташкилот мақомини бериш ҳақидаги қарорни кучда қолдирганини X ижтимоий тармоғида ФБКнинг юридик бўлими раҳбари Вячеслав Гимади ҳам маълум қилди.

2025 йил ноябрида РФ Олий суди РФ Бош прокуратурасининг ACF'ни террористик ташкилот деб тан олиш ва уни Россияда тақиқлаш ҳақидаги илтимосномасини қаноатлантирган эди. Ўшанда Россия Бош прокуратураси ўз талабини “Америка фондининг мақсад ва ҳаракатлари терроризмни тарғиб қилиш, оқлаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган, унинг манфаатлари йўлида экстремистик ва террористик йўналишдаги жиноятларни ташкил этиш, тайёрлаш ва содир этиш амалга оширилади”, деган даъво билан асослаган.

Anti-Corruption Foundation Inc. юридик шахси 2022 йил ёзида ташкил этилган — Россия суди ФБКни “экстремистик” ташкилот деб тан олиб, унинг фаолиятини Россияда тақиқлаганидан кейин. 2022 йил декабрида Anti-Corruption Foundation ташкилоти РФ Адлия вазирлиги томонидан “чет эл агентлари” реестрига киритилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид