Жаҳон | 11:04
915
4 дақиқада ўқилади

АҚШ Навалний эпибатидин билан заҳарланганига шубҳа қилмаяпти

Братиславага ташриф чоғида АҚШ давлат котиби Марко Рубио АҚШ Навалний дарахт қурбақаси заҳари билан заҳарлангани ҳақидаги хулосадан шубҳа қилмаслигини таъкидлади. Шунингдек, у Вашингтон Европани “вассал” эмас, НАТО бўйича ҳамкор деб билишини айтди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

АҚШ россиялик мухолифатчи Алексей Навалний эпибатидин билан заҳарлангани ҳақида бешта Европа давлати чиқарган хулосалардан шубҳа қилмайди, деди АҚШ давлат котиби Марко Рубио. У бу ҳақда 15 феврал, якшанба куни Братиславадаги матбуот анжуманида маълум қилди.

Буюк Британия, Швеция, Франция, Нидерландия ва Германиянинг Навалний Россия колониясида дарахт қурбақаси заҳари — эпибатидин билан заҳарлангани ҳақидаги қўшма баёнотини Вашингтон “ташвишли хабар” деб ҳисоблайди, деб Рубио сўзларини Reuters агентлиги келтиради. Давлат котиби, шунингдек, АҚШ нега 14 феврал куни — бир кун олдин эълон қилинган ушбу баёнотга қўшилмаганини изоҳлади: “Бу бизнинг ташаббус эмас эди. Баъзан давлатлар ўзлари тўплаган маълумотларга таяниб, мустақил равишда бирор иш қилади”, — деди у.

Аввалроқ ушбу беш давлат ташқи ишлар вазирлари Алексей Навалний “катта эҳтимол билан” эпибатидин билан заҳарланиш оқибатида ҳалок бўлганини билдирган эди. Эпибатидин — ўта заҳарли модда бўлиб, уни Жанубий Америкадаги дарахт қурбақасининг терисидан олишади ёки лаборатория шароитида синтез қилишади. Германия, Буюк Британия, Нидерландия, Франция ва Швециядаги тадқиқотчилар сиёсатчининг биоматериал намуналарида ушбу заҳар изларини бир-биридан мустақил равишда аниқлаган.

Рубио алоҳида таъкидладики, Оқ уй Навалнийнинг заҳарланиши ҳақидаги баёнот юзасидан “бу давлатлар билан тортишиш ёки зиддиятга киришиш ниятида эмас”. Россия ТИВ бу баёнотни “чалғитувчи ахборот” деб атаган.

Братиславага ташриф чоғида Словакия бош вазири Роберт Фицо билан ўқтказилган қўшма матбуот анжуманида Марко Рубио Вашингтон Европа билан “кучли шериклик”ка интилишини ҳам айтди.

“Бизнинг фикримиз шундай бўлган ва шундай қолади: НАТОнинг алоҳида аъзолари қанчалик кучли бўлса, бутун альянс ҳам шунчалик кучли бўлади”, — деди АҚШ давлат котиби. У Европани Оқ уйга боғлиқлик камайиши сабаб “хафа бўлмаслик”ка чақирди: Вашингтон минтақани “АҚШ вассали” сифатида эмас, тенг шерик сифатида кўришни истайди. Рубио айрим иттифоқчи давлатларнинг алянсни мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссасини ҳам ижобий баҳолади.

Бундан олдин Мюнхен хавфсизлик конференциясида Германия канцлери Фридрих Мерц АҚШни изоляционизм ғояларидан воз кечишга ва НАТО доирасида Европа билан ҳамкорликни кучайтиришга чақирган эди.

Братиславадаги матбуот анжуманида АҚШ давлат котиби ва Словакия бош вазири атом энергетикаси соҳасида ҳам ҳамкорлик қилишга келишиб олганини маълум қилди.

Хусусан, АҚШ инвесторлари иштирокида Словакияда 2040 йилгача янги атом электр станцияси қурилиши режалаштирилган. Фицонинг айтишича, томонлар тегишли ҳужжатларни келаси йили имзолайди.

Икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг яна бир йўналиши мудофаа бўлади. Фицо Словакия АҚШдан тўртта F-16 қирувчи самолётини сотиб олишни режалаштираётганини айтди — бу орқали мамлакат ўз эскадрилясини 18 та самолётгача кенгайтирмоқчи.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид