Жаҳон | 14:56
2036
2 дақиқада ўқилади

Эстония ТИВ раҳбари: “Агар Россия бостириб кирса, урушни РФ ҳудудига кўчирамиз”

Эстония ташқи ишлар вазири Маргус Цахкна DW'га берган интервюсида Эстония Европадаги энг заиф мамлакатлардан бири деган қараш “фейкнюс” эканини билдирди. 

Маргус Цахкна Фото: Simon Wohlfahrt/AFP

“Биз нима қилиш кераклигини аниқ биламиз. Россиянинг эҳтимолий бостириб киришига тайёрмиз, ва тийиб туриш даражаси ҳақиқатан ҳам юқори”, — деди у.

Эстония РФнинг эҳтимолий ҳужумида илк нишонлардан бири ҳисобланиши ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Цахкна “харитага қарасак, бу жуда мантиқий”, деб тан олди. 

“Лекин ҳақиқий ҳаётда биз ўз имкониятларимизни сезиларли даражада оширяпмиз. Менимча, НАТО ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ. Бизда аллақачон янги мудофаа режалари бор, бу эса биз шунчаки кутиб турмаётганимизни англатади. Агар Россия бизнинг ҳудудимизга бостириб кирса, қаршиликни бошлаган ҳолда, урушни Россия ҳудудига кўчирамиз”, — деб огоҳлантирди Эстония ТИВ раҳбари.

У шу контекстда энг аввало “сиёсий ирода” уни хавотирга солаётганини айтди. “Бизни Европанинг ўзи хавотирга солади: Европа қарор қабул қилишга, тик туришга, кучайишга тайёрми-йўқми”, — деди вазир.

Эстония ташқи ишлар вазири Россия президенти Владимир Путин билан ҳеч қандай режасиз музокара олиб боришни хатолик, деб атади. 

“Биз Европада бундай сиёсатни ўн йиллаб юритдик. Натижа нима бўлди? Натижа — яна кўпроқ урушлар, янада агрессив Россия. Шунинг учун ҳозир Европа Иттифоқи учун қандайдир махсус вакил қидиришни бошлаш, уни Кремлга юбориш мутлақо нотўғри: у у ердан хорланган ҳолда, янада заиф бўлиб қайтади ва Украина позицияларини ҳам заифлаштиради”, — деб ҳисоблайди Цахкна.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид