Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германия чегарадаги текширувларни яна ярим йилга узайтирди
ГФР қуруқлик чегараларидаги вақтинча текширувлар камида сентябргача кучда қолади, деди ички ишлар вазири Александер Добриндт. Унинг сўзларига кўра, бу мамлакат хавфсизлиги учун зарур. “Яшиллар” бу қарорни танқид қилди.
Германиянинг қуруқлик чегараларида 15 мартгача жорий этилган вақтинча текширувлар яна олти ойга узайтирилади. “Бу чегара текширувлари ҳали ҳам хавфсизлик ва миграция сиёсати нуқтаи назаридан зарур”, — деди душанба куни, 16 февралда ГФР ички ишлар вазири Александер Добриндт. Bild газетаси ҳукуматдаги манбаларга таяниб ёзишича, бу ҳақдаги тегишли хабарнома аллақачон Брюсселдаги Европа комиссиясига юборилган. Бундай расмий қадам зарур, чунки Шенген ҳудудида мунтазам текширувлар, одатда, назарда тутилмаган.
Мухолифатдаги “Иттифоқ-90”/“яшиллар” партияси федерал ҳокимият қарорини танқид қилди. “Яшиллар”нинг ички сиёсат бўйича эксперти Марсел Эммерихнинг айтишича, Добриндт “чегараларни доимий равишда тўсиб қўйиш” орқали “Европа ғоясини вайрон қиляпти”. Унинг сўзларига кўра, текширувлар чегара ҳудудларида яшовчиларнинг саёҳатларига халал беради, полицияни мамлакат ичидаги вокзаллар каби объектларда жамоат тартибини сақлашдан чалғитади ва “иқтисодий ақлдан озганлик”дир.
ГФРнинг барча қуруқлик чегараларида назорат 2024 йил сентябр ойида ўша пайтдаги ички ишлар вазири Нэнси Фезер топшириғи билан жорий этилган эди. Европа Иттифоқи ички чегараларида чегара назорати кўзда тутилмагани учун бу чора “вақтинча” деб аталган, аммо шундан бери уни ноқонуний миграцияга қарши кураш, терроризм таҳдиди ва чегаралараро жиноятчиликка қарши кураш зарурлиги билан изоҳлаб, бир неча бор узайтиришган.
2025 йил 15 май куни Фезернинг ўрнига ички ишлар вазири бўлган Добриндт миграция сиёсатини кучайтиришини эълон қилди. Бу Германия чегарасидаёқ бошпана сўраётган чет элликларга рад жавобини бериш имконини яратди. Истиснолар фақат ҳомиладорлар, ҳамроҳи бўлмаган вояга етмаганлар ва беморлар учун назарда тутилган.
2025 йил июн ойи охирига келиб, чегара назорати Германияга 80,5 млн евро тушгани маълум бўлди. Энг катта сумма — 37,9 млн евро — полиция ходимларининг қўшимча иш соатлари (овертайм) учун тўланган.
AFP агентлиги қайд этишича, ўтган йил декабр ойида Европа Иттифоқи давлатлари сиёсий бошпана беришнинг умумий мезонларини қатъийлаштириш масаласида келишувга эришганидан кейин, ГФР канцлери Фридрих Мерц ЕИнинг ички чегараларидаги текширувлар тўхтатилишини кутaётганини билдирган. У ўшанда “чегара текширувларини ҳар доим вақт ва таъсир жиҳатидан чекланган нарса деб ҳисоблаганини” айтган.
Мавзуга оид
12:04 / 18.06.2026
Ўзбекистон ва Германия биринчи хонимлари инклюзив таълим масалаларини муҳокама қилди
21:45 / 17.06.2026
Audi янги авлод А6 Allroad’ни тақдим этди
20:04 / 17.06.2026
Ўзбекистон ва Германия президентлари бир қатор иқтисодий лойиҳаларни ишга туширди
10:05 / 17.06.2026