Жамият | 08:40
2035
1 дақиқада ўқилади

Қўқонда кўп қаватли уйда ёнғин: бир киши вафот этди

Қўқон шаҳрида кўп қаватли уйда газ-ҳаво аралашмаси чақнаши ортидан ёнғин келиб чиқди. Ҳодиса оқибатида тўрт нафар фуқаро куйиш жароҳати олган, улардан бири шифохонада вафот этган.

16 феврал куни соат 21:18 да Қўқон шаҳри Муқимий кўчасидаги кўп қаватли уй ёнаётгани ҳақида «112» тизими орқали Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган.

Маълум қилинишича, ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига соат 21:23 да етиб борган. Ёнғин 21:25 да ўраб олинган ва 21:32 да тўлиқ ўчирилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида содир бўлган. Натижада 28-уйда тахминан 50 кв м майдонда том ва шифт қисми, шунингдек уй жиҳозлари ёниб кетган.

Чақнаш оқибатида 4 нафар фуқаро турли даражада куйиш тан жароҳати олиб, шаҳар тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, улардан 1 нафари вафот этган.

Ҳозирда ҳодисанинг сабаблари аниқланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид