Ўзбекистон | 12:07 / 17.02.2026
2473
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда йўл қопламалари текширилди: таъмирланадиган ҳудудлар рўйхати тузилди

Қиш мавсуми якунланиши ва давомли ёмғирлар сабаб айрим йўл участкаларида қоплама ҳолати ёмонлашиб, чуқурлар пайдо бўлган. Мутасаддилар таъкидлашича, асосий тиклаш ишлари об-ҳаво барқарорлашгач бошланиб, фаол босқич март ойининг биринчи ўн кунлигига режалаштирилган.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрида қиш мавсуми якунланиши ҳамда кучли ёмғирлар туфайли кўча-йўл тармоғининг айрим қисмларида қопламалар ҳолати ёмонлашгани ва чуқурлар пайдо бўлгани кузатилмоқда. Қайд этилишича, йўл қопламаси қишки эскириш, музлашга қарши реагентлар қўлланиши, узоқ муддатли ёғингарчилик ва юқори намлик сабаб кучли юкланишга дуч келмоқда. Натижада сув микроёриқларга кириб, қопламанинг устки қатлами ва асосини заифлаштириб, нуқсонларни тезроқ намоён қилмоқда.

Маълум қилинишича, бундай камчиликлар кўп ҳолларда қопламанинг хизмат муддати тугаш арафасида бўлган ва сезиларли жисмоний эскириш тўпланган участкаларда қайд этилади.

Кўча-йўл тармоғи текширувдан ўтказилиб, тикланиши лозим бўлган ҳудудлар рўйхати тузилган. Таъмир талаб этиладиган умумий майдон 816 023 м² ни ташкил этади. Шу жумладан, туманлар бўйича — 609 673 м², шаҳар марказий кўчалари бўйича эса 206 350 м².

Туманлар бўйича тақсимот қуйидагича:

— Бектемир тумани — 53 160 м²
— Мирзо Улуғбек тумани — 50 471 м²
— Миробод тумани — 52 287 м²
— Олмазор тумани — 48 087 м²
— Сергели тумани — 50 529 м²
— Учтепа тумани — 50 000 м²
— Чилонзор тумани — 54 000 м²
— Шайхонтоҳур тумани — 51 182 м²
— Юнусобод тумани — 47 546 м²
— Яккасарой тумани — 51 000 м²
— Янгиҳаёт тумани — 51 000 м²
— Яшнобод тумани — 50 411 м²

Жорий об-ҳаво шароитларини инобатга олган ҳолда, давомли ёмғирлар пайтида қопламани тўлиқ технологик тиклаш барқарор натижа бермаслиги таъкидланган. Шу сабаб асосий ишлар ҳажми об-ҳаво барқарорлашгандан ва замин намлиги пасайгандан сўнг амалга оширилиши режалаштирилган. Фаол босқич бошланишининг тахминий муддати — март ойининг биринчи ўн кунлиги.

Шунингдек, 2026 йилда йўл қопламасини босқичма-босқич тиклаш ишлари билан бирга кўча-йўл тармоғи ва транспорт инфратузилмаси бўйича капитал инфратузилма ишлари ҳам алоҳида режа асосида амалга оширилиши маълум қилинган. Мутасаддилар картали-чуқурли таъмирлаш ва капитал ишлар бир вақтнинг ўзида бир хил кўчаларда режалаштирилмаслигини қайд этиб, маҳаллий нуқсонларни бартараф этиш хавфсиз ҳаракатланишни тезда тиклашга қаратилганини билдирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид