Ўзбекистон | 14:12 / 18.02.2026
924
2 дақиқада ўқилади

Мувофиқликни баҳолаш соҳасида тадбиркорлар учун енгилликлар жорий этилади

Президент фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 апрелдан мувофиқликни баҳолаш соҳасида тадбиркорлар учун қатор енгилликлар амал қилади. Шунингдек, айрим иқтисодиёт тармоқларида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш босқичма-босқич тўлиқ халқаро стандартлар асосида ташкил этилади.

Фото: 123RF

Фармонга кўра, 2026 йил 1 апрелдан мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан аккредитация соҳасида кўрсатилган пулли хизматлар тушумидан ажратмалар 2,5 баробарга камайтирилиб, 2 фоиз миқдорида белгиланади ва мазкур маблағлар тўлиқ Ўзбекистон аккредитация маркази ихтиёрида қолдирилади.

Шунингдек, тадбиркорлар томонидан 2 ва ундан ортиқ аккредитациядан ўтган ҳолда мувофиқликни баҳолаш хизматлари йўлга қўйилган соҳада давлат органлари ва ташкилотлари томонидан янги синов лабораториялари ва сертификатлаш органлари ташкил этилишига йўл қўйилмайди.

Мувофиқликни баҳолаш органларига Миллий аккредитация тизимида аккредитациядан ўтган ҳолда экспорт бозорларида талаб этиладиган хорижий стандартлар асосида баҳолаш ишларини амалга оширишга ҳам рухсат берилади.

Бундан ташқари, иқтисодиётнинг қатор тармоқларида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш босқичма-босқич тўлиқ халқаро стандартлар асосида ташкил этилади:

  • 2026 йил 1 июлдан — тўқимачилик, чарм, мебел, электротехника, автомобилсозлик ва ахборот технологиялари соҳаларида;
  • 2027 йил 1 январдан — нефт ва газ, металлургия, транспорт, қурилиш маҳсулотлари ва тиббий буюмлар соҳаларида;
  • 2028 йил 1 январдан — энергетика, кимё, экология ва хизмат кўрсатиш соҳаларида.

Мазкур чоралар миллий сифат инфратузилмасини ривожлантириш, экспорт имкониятларини кенгайтириш ҳамда тадбиркорлик фаолияти учун қулай шароитлар яратишга қаратилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид