Жаҳон | 18:49
6115
4 дақиқада ўқилади

АҚШ Эрон яқинида қўшин тўпламоқда. Уруш хавфи ошди

Охирги вақтларда тарқалаётган хабарлардан Америка барибир Эронга ҳужум қиладигандек таассурот пайдо бўлмоқда. Америка нашрларига кўра, Эрон ядровий келишувни пайсалга солаётгани Трампнинг тоқатини тоқ қилибди. Америка Яқин Шарқда охирги марта 2003 йилда ҳозирги каби қўшин тўплаган ва ўшанда Ироққа бостириб кирганди...«Босснинг тоқати тоқ бўляпти»

Американинг Axios нашри ўз манбаларига таяниб ёзишича, Трамп яқин ҳафталар ичида Эронга зарба бериш бўйича қарор қабул қилиши мумкин. «Босснинг тоқати тоқ бўляпти. Атрофидагилар уни Эрон билан урушдан қочишга чақиряпти, лекин яқин ҳафталарда зарба берилиши эҳтимоли 90 фоизга тенг», деган президент маслаҳатчиларидан бири нашр билан суҳбатда. Машҳур республикачи сенатор Линдси Греҳем ҳам тез орада зарба берилиши мумкинлиги ҳақида гапирди.

Тайёргарлик катта

Америка Яқин Шарқда жуда жиддий ҳарбий тайёргарлик ўтказмоқда. Бу ўтган йил ёзда Эрон ва Исроил ўртасида кечган 12 кунлик уруш вақтидаги тайёргарликка ўхшамайди, бу гал барчаси жиддий. Америка ҳарбий ҳаво кучларини ёппасига эҳтимолий операция учун жалб қилган.

Охирги бир кун ичида минтақада F-35, F-22, F-15 қирувчи самолётлари ва радиолокацион аниқлаш авиациясига ёнилғи қуядиган қўшимча 19 та самолёт ҳаракати пайқалган. 18 феврал куни дунёдаги онлайн радарларда энг кўп кузатилган рейслар айнан мана шу самолётлар бўлган. Қирувчи самолётларга ҳавода ёнилғи қуядиган бунақа самолётларнинг камида 16 таси аллақачон Қатардаги Ал Удейд базасида турибди. Шунингдек, базада иккита авиаташувчи кема ҳам лангар ташлаган.

Бунчалик кўп ёнилғи қуювчи самолётлар, танкерлар ва авиаташувчилар тўпланаётганига қараганда, Америка Эронга шунчаки зарба бериб кетишни эмас, тўлақонли ҳарбий операция ўтказишни кўзламоқда. Замонавий тил билан айтганда Америка Эронда «СВО» ўтказмоқчига ўхшайди.

Америкаликлар Яқин Шарқда охирги марта 2003 йил бунақа жиддий қамровда қўшин тўплаган ва Ироққа бостириб кирганди. Axios'нинг ёзишича, АҚШ минтақага қўшимча 50 та қирувчи самолёт юборган. Нашрнинг Трамп билан яхши алоқада экани айтиладиган журналисти Барак Равиднинг сўзларига кўра, Трамп маъмурияти Яқин Шарқдаги катта урушга кўпчилик ўйлаганидан анча яқинроқ. Экспертлар АҚШ минтақага мавжуд барча турдаги ҳарбий ресурсларини юбораётганига эътибор қаратган.

Исроил ҳам тайёрланмоқда

АҚШ Эронга ҳужум қилиши мумкинлиги фонида Исроилда ҳам ҳарбийларга урушга тайёрланиш буюрилган. Бутун мамлакатдаги ҳарбий тузилмалар юқори даражали тайёргарлик ҳолатига келтирилган. Америка ҳужумни бошласа, катта эҳтимол Исроил ҳам Теҳронга зарбаларда иштирок этади. Америка ҳужумига жавоб ўлароқ Эрон Вашингтоннинг минтақадаги базаларидан ташқари Исроилга ҳам зарба бериши истисно қилинмаяпти.

Хуллас, Трамп навбатдаги «СВО»га тайёрланаётгани кўриниб турибди. Ядровий музокарада мўъжиза содир бўлиб, томонлар келишувга эришмаса, Америка ва Эрон ўртасидаги уруш муқаррарга ўхшайди. Лекин Эронга қарши операция Венесуэлада бўлгани каби осон кечмаслиги аниқ. Америка ҳар қанча кучли бўлмасин, Эрон ҳам урушишни билади. Америка Теҳронгача кириб бориб тоғ остидаги ядровий объектга зарба бериб, кейин ҳеч нима бўлмагандай чиқиб кета олишини кўрсатиб бўлди, лекин бу гал Трамп шунчаки B-2 билан зарба бериб кетиш билан чекланмоқчи эмас.

Бир неча йил аввал Америка Яқин Шарқда қўшин тўплаб, Эронга зарба бермоқчи эканини айтса, буни шунчаки таҳдид деб тушунишарди. Лекин Трампнинг иккинчи муддатида дунёда тартибот буткул ўзгариб кетди. Америка Эронга тўғридан-тўғри зарба йўллади, Венесуэладан президент олиб қочди. Бу Америкадан ҳар қандай ишни кутса бўлади. Ахир дунё тартиботи деган тушунча чиқиндига улоқтирилган, ҳозир дунёда Трамп тартиботи ҳукмрон...

Ўткир Жалолхонов
Муаллиф Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид