Иқтисодиёт | 08:00
3248
3 дақиқада ўқилади

Хитойнинг 2025 йилги савдо харитаси: АҚШ етакчи, Осиё тезлашмоқда

Хитойнинг савдо “машинаси” тез суръатда ўсишда давом этмоқда, бироқ бу ўсишнинг географияси аста-секин ўзгариб бормоқда.

Фото: Александр Подгорчук, Коммерсантъ

2025 йилда Хитойнинг ташқи савдосининг жами ҳажми 6,3 триллион доллардан ошди ва 1,2 триллион долларлик рекорд даражада ижобий савдо салдосини таъминлади — экспорт деярли стагнация ҳолатидаги импортдан анча ўзиб кетди. АҚШ Хитойнинг энг йирик савдо ҳамкори мақомини сақлаб қолган бўлса-да, асосий туртки тобора кўпроқ Жануби-Шарқий Осиё томон кўчмоқда.

Шу билан бирга, Европада таранглик аломатлари кучаймоқда. 2022 йилдан буён Германия автомобилларининг Хитойга экспорти 66 фоизга қисқарди, бу эса дунёдаги энг йирик автомобил бозорида рақобат кучайганини кўрсатади.

2025 йилда Хитой ва АҚШ ўртасидаги умумий савдо ҳажми 560 миллиард долларни ташкил этди, бу Хитой ташқи савдосининг 8,8 фоизига тўғри келади. Бироқ олдинги йилга нисбатан икки томонлама товар айланмаси тарифлар бўйича келишмовчиликлар кескинлашгани сабабли 18,7 фоизга камайди.

Иккинчи ўринни 367 миллиард доллар кўрсаткич билан Ҳонгконг эгаллади. Ундан кейин Жанубий Корея, Япония ва Тайван келади — уларнинг барчаси савдода ўртача ўсишни намоён қилди. Россия 228 миллиард доллар кўрсаткич билан еттинчи ўринни эгаллади.

Фото: Visual Capitalist

Айниқса Ветнамдаги динамика кўзга ташланади: икки томонлама савдо ҳажми 13,7 фоизга ошди. Бу Хитойнинг АСЕАН мамлакатлари билан товар айланмасини тез суръатларда кенгайтириш тенденциясининг бир қисми. Бундан ташқари, Хитойнинг Африкага экспорти олдинги йилга нисбатан 25,8 фоизга ўсди.

2025 йилда Хитой ва Германия ўртасидаги савдо айланмаси 211 миллиард долларга етди, бу йиллик ҳисобда 4,6 фоизга кўп. Бироқ Германиянинг Хитойга экспорти 9,3 фоизга қисқарди.

Пасайишга асосий ҳисса автомобил соҳаси ҳисобига тўғри келди: 2022 йилдан буён Германия автомобилларининг Хитойга етказиб бериш ҳажми 66 фоизга тушиб кетди. Бу автосозлик компанияларига босимни кучайтиради, чунки Хитой брендлари ички бозорда улушини фаол оширмоқда.

Умуман олганда, АҚШнинг ҳал қилувчи роли сақланиб қолганига қарамай, Хитой савдосидаги асосий динамика маркази тобора кўпроқ Осиё ва Африканинг ривожланаётган бозорлари томон силжимоқда, Европа ҳамкорлари эса рақобатнинг кучайиши ва таркибий чақириқлар билан тўқнаш келмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид