Жаҳон | 10:43
1125
3 дақиқада ўқилади

Экологлар: Россия танкеридан нефт тўкилса, 100 минг киши зарар кўриши мумкин

Россиянинг “соя флоти”га тегишли танкер Фин кўрфазида аварияга учраса, минтақада экологик фалокат юз бериши мумкин. Бу ҳақда Greenpeace экспертлари Германиянинг Helmholtz Center Hereon тадқиқот маркази моделлаштириши натижаларига таяниб маълум қилди.

Фото: AP

Россия “соя флоти” танкеридан Фин кўрфазида нефт тўкилса, бу ҳолат Виборг, Приморск, Висоцк ва бошқа соҳилбўйи аҳоли пунктларида яшовчи тахминан 100 минг киши, шунингдек ноёб табиий ҳудудларга таъсир кўрсатади. Бу хулосани 20 феврал куни Greenpeace Германиянинг Helmholtz Center Hereon маркази тайёрлаган моделлаштириш натижалари асосида чиқарган.

Greenpeace баёнотига кўра, бундай ҳолатда Кургалск, Виборг қўриқхоналари ва Берёзовие ороллари каби ноёб табиат ҳудудлари йўқ қилиниши мумкин. Нефт чиқиндиси миқёси 2024 йил декабридаги “Волгонефть” синфидаги танкерлар авариясидан 10–15 баравар катта бўлиши эҳтимол.

Бу сценарий санкция остидаги, эскирган, узунлиги 247 метр бўлган, байроқсиз ва етарли суғуртаси йўқ Peace танкерининг маршрутларига асосланган. У бир рейсда 110 минг тоннагача нефт таший олади. 2025 йилда у Болтиқ орқали Россия нефтини тўрт марта ташиб, жами 440 минг тоннага яқин нефт экспорт қилган. Greenpeace таъкидлашича, бу даромадлар жумладан Украинага қарши урушни молиялаштиришга ҳам кетади.

Экспертлар 2025 йил феврал ойидаги шамол ва оқимларни ҳисобга олган ҳолда Болтиқ денгизида Urals нефти тўкилиши бўйича саккизта сценарийни моделлаштирган. Масалан, Ленинград вилоятидаги Сескар ороли яқинида авария бўлса ва денгизга 48 минг тонна ёнилғи тушса, унинг қарийб ярми 30 кун ичида қирғоққа етиб келади.

Greenpeace вакиллари The Insider нашрига айтишича, авария бўлса Санкт-Петербург шаҳри ҳам хавф остида қолиши мумкин. Бу “нагон тўлқини” деб аталувчи ҳодиса — Фин кўрфазидан сувнинг Нева дарёсига кириб келиш жараёни билан боғлиқ.

Экологлар таъкидлашича, Россия 15 йилдан ортиқ хизмат қилган эски танкерлардан фойдаланмоқда. Бундай кемалар коррозия ва эскиришга кўпроқ мойил бўлиб, авария хавфини оширади. Кўп танкерлар тўлиқ суғуртасиз ҳаракатланади, бу эса авария ҳолатида зарарни қўшни давлатлар ўзи қоплашига тўғри келишини англатади.

«Бундай фалокатнинг олдини олиш — Европа давлатларининг умумий вазифаси. ЕИда соя флот фаолиятини тўхтатиш ва Болтиқ экотизимини ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий механизмлар мавжуд», — дейди Greenpeace.

Болтиқ денгизида Россия “соя флоти” кемалари билан боғлиқ ҳодисалар аввал ҳам бўлган.

2024 йил мартда Andromeda Star танкери Дания сувларида бошқа кема билан тўқнашган. 2025 йил январда 100 минг тонна нефт ортилган Eventin танкери бошқарув тизими ишдан чиқиб, бир неча соат денгизда дрейф қилган. 2025 йил декабрда Швеция Adler контейнер ташувчисини қўлга олган, аммо кейин қўйиб юборган. 2026 йил январда Германия Камерун байроғи остидаги Tavian танкерини Болтиққа киритишдан бош тортган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид