Ўзбекистон | 14:23 / 21.02.2026
1671
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Испания тажрибаси асосида замонавий иссиқхоналар барпо этилади

Мамлакат элчихонасида Испаниянинг New Greenhouses Projects S.L. компанияси директори Хосе Мигел Ринкон билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Фото: Дунё

Учрашувнинг асосий мавзуси дунёдаги энг самарали иссиқхона хўжаликлари маркази ҳисобланган Алмерия (Испания) провинцияси тажрибаси асосида Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида замонавий иссиқхона мажмуаларини барпо этиш бўлди.

Иссиқхоналарни энергия билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Хосе Ринкон анъанавий ёқилғи (газ ва кўмир) ўрнига водороддан муқобил энергия манбаи сифатида фойдаланиш технологияси иқтисодий ва экологик жиҳатдан энг мақбул ечим эканини таъкидлади.

Испаниялик тадбиркор Ўзбекистонда ишлаб чиқарувчилар кооперацияси моделини қўллаш орқали харажатларни камайтириш ва маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт салоҳиятини ошириш юзасидан ўз тавсияларини берди.

Кадрлар тайёрлаш йўналишида Испаниянинг Bicore ўқув маркази билан ҳамкорликда ўзбекистонлик агроном ва техник мутахассислар учун малака ошириш дастурларини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди. Дастлабки босқичда 50 нафаргача мутахассисни ўқитиш кўзда тутилган.

Музокаралар якунида Хосе Ринкон яқин вақт ичида Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига ташриф буюриб, фермерлар билан учрашиш ва қурилиш майдончаларини кўздан кечиришга тайёрлигини билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид