Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Васийлар фаолияти устидан мониторинг кучайтирилади — қарор лойиҳаси
Ижтимоий ҳимоя тизимида васийлик ва ҳомийлик фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳужжат муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаёт сифатини ошириш ҳамда васий ва ҳомийлар фаолияти устидан назоратни кучайтиришни кўзда тутади.
Лойиҳада васийлик ва ҳомийликни “ягона нуқта” тамойили асосида ташкил этиш, профессионал васийлик институтини жорий қилиш, мулкий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва соҳада иштирок этувчиларнинг билим ва салоҳиятини ошириш асосий мақсадлар сифатида белгиланган.
Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 июндан “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан васий ва ҳомийлар фаолияти доимий мониторинг қилиб борилади. Мониторинг доирасида:
- васий ва ҳомийлар мажбуриятларининг бажарилиши;
- васийликдаги шахсларнинг яшаш шароити, соғлиғи ва таъминоти;
- уларнинг мол-мулкини бошқариш ва мулкий манфаатларни ҳимоя қилиш;
- зўравонлик ҳолатларини эрта аниқлаш ва зарур чоралар кўриш каби масалалар ўрганилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 октябрдан шахсни муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топиш ва унга васий ёки ҳомий тайинлаш масалалари судда бир вақтнинг ўзида ҳал этилиши режалаштирилмоқда. Васий топилмаган ҳолларда “Инсон” марказлари вақтинча васийлик функцияларини бажаради.
Лойиҳага мувофиқ, васийлик ва ҳомийлик белгилашда давлат органлари ўртасида маълумот алмашинуви “Рақамли ҳукумат” платформаси орқали амалга оширилади, суд қарорлари эса мониторинг учун тегишли тартибда ижтимоий хизматлар марказларига юборилади.
Ҳужжатда васийликдаги шахсларнинг мол-мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган нормалар ҳам назарда тутилган. Жумладан, муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга тегишли ягона турар жойни тасарруф этиш тақиқланиши белгиланмоқда.
Қарор лойиҳаси ижросини ташкил этиш бўйича масъуллар белгиланиб, ижро назорати ҳукумат томонидан амалга оширилиши кўзда тутилган.
Мавзуга оид
09:00
Ижтимоий ҳимоя тизимида иш ҳақи шартлари янгиланди
10:52 / 04.02.2026
Дрон ва ёнкамерали текширувлар: сувдан фойдаланиш мониторинги кучайтирилади
11:41 / 24.01.2026
Ягона ижтимоий реестр: оилалар 3 тоифага ажратилади
20:07 / 29.11.2025