Жамият | 09:00
710
2 дақиқада ўқилади

Ижтимоий ҳимоя тизимида иш ҳақи шартлари янгиланди

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги тиббий-ижтимоий муассасаларнинг айрим лавозимлари учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари тасдиқланди. Шунингдек, мазкур муассасалар ходимлари учун иш ҳақи разрядлари ҳамда кўп йиллик меҳнат фаолияти учун ҳар ойлик устамалар миқдори белгиланди.

Адлия вазирлиги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги тиббий-ижтимоий муассасаларнинг айрим лавозимлари учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини давлат рўйхатидан ўтказди. Тегишли идоравий ҳужжат 2026 йил 25 июнь куни 3589-сон билан рўйхатдан ўтказилди.

Ҳужжатга мувофиқ, қуйидаги муассасаларда фаолият юритувчи директор, бош врач, уларнинг ўринбосарлари, бош ҳамшира, бош бухгалтер, бухгалтер, иқтисодчи, кадрлар бўйича инспектор ҳамда ижтимоий ходимлар учун меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари белгиланди:

  • Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари;

  • Ногиронлиги бўлган шахслар учун «Ғамхўрлик» марказлари;

  • Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ҳамда унинг ҳудудий марказлари;

  • Кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийлар.

Шунингдек, ушбу лавозимларда ишловчи ходимларга меҳнат стажига қараб ҳар ойлик устама тўланиши белгиланди. Унга кўра:

  • 1 йилдан 3 йилгача — 30 фоиз;

  • 3 йилдан 5 йилгача — 60 фоиз;

  • 5 йилдан 10 йилгача — 80 фоиз;

  • 10 йилдан 15 йилгача — 100 фоиз;

  • 15 йил ва ундан ортиқ меҳнат стажига эга ходимларга — 120 фоиз миқдорида устама тўланади.

Янги тартиб ижтимоий ҳимоя тизимида меҳнат қилаётган ходимларнинг меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш ва уларни узоқ муддатли фаолиятга рағбатлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид