Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кўпчилик Эронга зарбани кутмоқда: эҳтимолий уруш қандай кечиши мумкин?
Бу борадаги асосий тахмин – ҳарбий ҳаракатлар аввалгисига қараганда каттароқ ва узоқроқ бўлиши ҳақида.
Фото: Zoe Simpson / US Navy / AFP / Scanpix / LETA
АҚШ январдаёқ Яқин Шарққа каттагина куч юборганди – ўшанда кўпчилик буни намойишчиларга оятуллоҳ режимини ағдаришда ёрдам сифатида зарба бериш учун эканини тахмин қилганди. Аммо кўп ўтмай намойишлар бостирилди, Американинг зарбалари эса бўлмади. Бунинг ўрнига АҚШ ва Эрон ўртасида «ядровий келишув» бўйича музокаралар тикланди. Феврал ойи ўрталарига келиб эҳтимолий ҳужум ҳақида янги хабарлар пайдо бўла бошлади. Бу вақтда Американинг бир авиаташувчиси Эрон соҳиллари яқинида турибди, иккинчиси минтақага яқинлашмоқда.
Нима учун кўпчилик Трамп Эронга зарба беради деб ўйламоқда?
Доналд Трамп ўтган жума, 13 феврал куни «Жералд Форд» авиаташувчиси бошчилигидаги зарбдор гуруҳни Яқин Шарққа юборганини хабар қилганди. Бу гуруҳ АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари таркибидаги энг кучли тузилма ҳисобланади. Ўтган йил кузида у Кариб денгизи ҳавзасига олиб борилган ва Венесуэлага қарши амалиётда иштирок этганди.
Шу кунларида ушбу гуруҳ Ўрта Ер денгизининг Яқин Шарқ акваториясига етиб келади, кейинги ҳафтада эса Сувайш канали ҳамда Қизил денгиздан сузиб ўтиб, Ҳинд океанига киради. Бу ерда у январ ойи охиридан буён Форс кўрфазининг кириш қисмида – Эрон соҳилларидан бир неча юз километр масофада турган «Авраам Линколн» авиаташувчиси бошчилигидаги гуруҳга қўшилади.
Бундан ташқари, АҚШ сўнгги ҳафталарда Яқин Шарққа, жумладан, Қатар ва Баҳрейн ҳудудида Эронга яқин жойлашган базаларига юзлаб самолётлар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳамда беҳисоб миқдордаги ўқ-дориларни олиб келган.
Американинг Яқин Шарқдаги ҳарбий қудрати оширилиши Эрон ядровий дастури бўйича навбатдаги музокаралар билан бир вақтга тўғри келмоқда. 17 феврал куни Женевада бу музокараларнинг иккинчи раунди бўлиб ўтди. Унда Ўмон ташқи ишлар вазири Бадра ал-Бусайди воситачилик қилди. Эрон делегациясига мамлакат ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи раҳбарлик қилган, АҚШдан Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ва куёви Жаред Кушнер қатнашган (улар шу вақтда Россия ва Украина музокараларида ҳам воситачилик қилган).
Музокараларнинг бориши, ҳатто уларда айнан қандай мавзулар муҳокама қилинаётгани ҳақида ҳам маълумотлар жуда кам. Шуниси маълумки, АҚШ Эрон ўз ҳудудида уранни бойитиш ишларидан бутунлай воз кечишини, мавжуд бойитилган уран захираларини тўлиғича топширишни (Россия уларни олиб кетишга тайёр), ракета дастурини ривожлантиришни чеклашини ҳамда Ямандаги «Ансар Аллоҳ» (ҳусийчилар), Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳамда фаластинликларнинг Ҳамас каби гуруҳларини қўллаб-қувватлашни тўхтатишни талаб қилмоқда. Эрон эса ядровий дастур борасида ён беришга тайёр, аммо ракета дастури ва ўз прокси кучлари бўйича масалаларни муҳокама қилишдан ҳам бош тортмоқда.
The Wall Street Journal таҳририят колонкасида Трамп маъмуриятининг ҳаракатларини Обама маъмуриятининг 2009 йилги ҳаракатларига қиёсламоқда. Ўшанда ҳам Эронда кенг кўламли намойишлар (президентлик сайловларида ислоҳотчи Мир-Ҳусайн Мусавий эмас, ултраконсерватор Маҳмуд Аҳмадинажод ғолиб бўлгани эълон қилинганидан кейин бошланган «Яшил ҳаракат» намойишлари) ўтказилганди. Режим ўша намойишларни ҳам шафқатсизларча бостирганди. Обама амалда оятуллоҳга келишув таклиф этганди: АҚШ «ядро масаласи»даги ён бериш эвазига интервенция масаласини кўтармаслиги ваъда қилинганди. Якунда бу 2015 йилги «ядровий келишув»га олиб келади: Эрон ўз ядро дастурини жиддий тарзда қисқартиришга рози бўлади.
Трамп ҳам амалда худди шундай қилмоқда, фақат анча очиқчасига. Январда, Эронда намойишлар авжига чиққанида у намойишчиларга ташқаридан ёрдам ваъда қилади – аммо ўшанда Америка кучлари Венесуэла масаласи билан банд эди ва АҚШ бор эътиборини Яқин Шарққа қаратгунича Эрондаги режим намойишларни бостиришга улгурди. Энди Трамп Эрондаги режим ўзгариши оптимал ечим бўлишини айтмоқда, аммо эҳтимолий ҳарбий амалиётнинг мақсадларини камтарроқ қилиб белгилаган: Эрон АҚШнинг Яқин Шарқдаги базалари ва иттифоқчиларига таҳдид солмаслиги учун.
Трамп очиқчасига «Жералд Форд» авиаташувчисининг минтақага юборилиши – АҚШнинг нияти жиддийлиги ва Эронга таҳдид қилиш эканини айтди: ёки Теҳрон музокараларда ён беради, ёки оғир зарба қабул қилади. Эрон диний раҳнамоси Али Хоминаий бунга жавобан Эрон ўз ядровий дастурига эга бўлишга тўла ҳақли экани ҳақидаги гапни такрорлаб, Америка кемаларини чўктириб юбориш билан таҳдид қилди.
Лондон университетининг Яқин Шарқ бўйича тадқиқотчиси Али Ҳошим Foreign Policy журналининг 18 феврал сонидаги мақоласида Эрон музокаралар жараёнига мутлақо нотўғри муносабатда эканини таъкидлайди: Теҳрон аввалги кескинликларда, жумладан, 2025 йилнинг баҳор-ёзида, Исроил ва АҚШ билан 12 кунлик уруш олдидан бир неча бор қилганидек, уни чўзишга ҳаракат қилмоқда. Америка эса музокараларни тезлаштиришга интилмоқда. Трамп тез ва яққол муваффақиятга эришмоқчи, Эрон томони эса унинг сабрсизлигини етарлича баҳоламаяпти.
The Wall Street Journal манбаларига кўра, Эрон Женевадаги музокаралардан кейин ўз таклифини тайёрлаш учун икки ҳафта вақт олган. Аммо Трамп уларнинг бу таклифини кутиб туриши факт эмас – қолаверса, ҳозирдан айтиш мумкинки, бу Америка талабларига мос келадиган таклифлар бўлмайди.
Axios журналисти, Америкадаги дипломатик давралар билан яқин алоқаларга эга бўлган Барак Равиднинг ёзишича, Яқин Шарқдаги катта уруш кўпчилик ўйлаётганидан кўра анча яқинроқ. Ва бу 12 кунлик урушда бўлгани каби қисқа кампания бўлиб қолмайди. Оятуллоҳ режимига қилинган ошкора таҳдидлар ҳамда минтақада йирик кучлар намойишкорона тўпланишидан кейин Америка президенти шунчаки ортга чекина олмайди: акс ҳолда унинг обрўси тўкилади ва АҚШнинг талабларини эътиборсиз қолдиргандан кейин ҳам жазосиз қолиш мумкинлигини кўрсатиб қўйган бўлади.
CBS News хабарига кўра, АҚШ ҳарбий-сиёсий аппарати раҳбарлари Трампга қуролли кучлар 21 феврал куниёқ Эронга қарши операцияни бошлашга техник жиҳатдан тайёр бўлишини маълум қилган. Яъни бу вақтда эҳтимолий можаро ҳудудида етарлича АҚШ кемалари ва самолётлари жойлаштирилган, барча ходимлар ва ускуналар хавфсиз жойларга олиб чиқилган. Аммо АҚШ президенти ҳали якуний қарорга келгани йўқ.
Petty officer 1st Class Jesse Monford / US Navy / AFP / Scanpix / LETA
Эрон музокараларнинг кейинги босқичи учун ўз таклифларини тайёрлаётган икки ҳафта ичида АҚШ давлат котиби Марко Рубио Исроилга ташриф буюриши кутилмоқда. Унинг сафарида Эрон марказий мавзу бўлишига шубҳа йўқ. Исроил узоқ вақтдан бери Эрон билан янги урушга тайёрланмоқда – ва бу сафар, 2025 йил июн ойидаги 12 кунлик урушдан фарқли ўлароқ, бажонидил ташаббусни АҚШга топширмоқда, ўзи эса иккинчи ролда қолишга тайёр.
Ўша урушдан кейин Исроил Эрон ракета дастурини ўзининг асосий нишони сифатида кўради: булар Эрон яҳудийлар давлатини ўққа тутишда фойдаланган базалар ҳамда баллистик ракеталар ишлаб чиқариш жойларидир (зарбалар оқибатида 28 нафар исроиллик ҳалок бўлиб, бир неча минг киши яраланган ва уйларини йўқотганди).
Таъкидлаш керакки, эълон қилинган икки ҳафталик муддат чалғитишдан бошқа нарса бўлмаслиги ҳам мумкин. 2025 йилда ҳам шундай бўлганди: Ўмондаги музокараларнинг навбатдаги раундидан сўнг Трамп Эронга кейинги раундга тайёргарлик кўриш учун икки ҳафта вақт берганди – уч кундан сўнг эса Исроил Трампнинг розилиги билан ислом республикасини бомбардимон қила бошлаганди.
Қандай сценарийлар бор?
Foreign Policy баҳолашича, эҳтимоли энг юқори бўлган сценарий – АҚШнинг Эронга бостириб кириши ва кенг кўламли минтақавий можаро бошланиши эмас, балки чекланган, музокаралардаги мувозанатни ўзгартиришга қаратилган пухта ўйланган зарбалар берилишидир. Яъни катта уруш бошланиши хавфи ва ҳарбий зарбанинг ўзи – хавфли бўлса-да, яна дипломатик аргументдир. Бу Трамп тез-тез эслатадиган «куч орқали» доктринаси руҳига мос келади: ҳарбий куч ва қатъиятни намойиш этиш – музокараларга мажбурлаш воситасидир.
Шу билан бирга, АҚШдагилар бошқа сценарийни ҳам жиддий кўриб чиқмоқда: оятуллоҳ режими ҳар қачонгидан кўра заифроқ ва агар унга етарлича босим кўрсатиладиган бўлса, уни алмаштиришга эришиш мумкин. Аммо бу мақсадга қуруқликдан бостириб кирмасдан эришиш амалда иложсиз – Трамп эса бунга тайёр эмас: бу жуда узоққа чўзилади ва катта таваккалчилик бўлади.
Катта эҳтимол билан, Америка ҳарбий операцияси бошланган тақдирда, биринчи навбатдаги вазифа режимни бошсиз қолдириш бўлади: олий раҳнамо, асосий ҳарбий ва сиёсий арбобларни ўлдириш (эҳтимол, ҳаво ҳужуми орқали). Кейин АҚШ Эроннинг Америка кучлари ва уларнинг иттифоқчиларига (биринчи навбатда Исроилга) зарар етказишилишига йўл қўймаслик учун муҳим ҳарбий объектларга зарба бериши керак бўлади.
Шу билан бирга, АҚШ Эрон етакчиларидан айримларини тирик қолдириши мумкин – кейинчалик келишувга борадиган, шу билан бирга, мамлакат устидан назоратни сақлаб оладиган кучга эга бўлганларни.
Мавзуга оид
17:47
Эронда талабалар ҳукуматга қарши янги намойишлар уюштирди
01:15
Трамп глобал божларни 15 фоизга оширишини эълон қилди
20:59 / 21.02.2026
Трамп АҚШ Олий судида ютқазди. Энди унинг агрессив божлари бекор қилинадими?
13:10 / 21.02.2026