Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитой уй бозоридаги инқироз: бунга нима сабаб бўлди?
Хитой провинцияларида бўшаб ётган уй-жой мажмуаларини кўплаб учратиш мумкин. Айрим уйлар жиҳозлаб, деразаларига парда илинган, уй қаршисидаги боғлар обод қилиб қўйилган. Аммо, қоронғи тушиши билан, хонадонлар бўм-бўшлиги маълум бўлади – уйда яшаб, чироғини ёқадиган одам йўқ. Хўш, 1,4 миллиард аҳолига эга Хитойда нега уй-жойларга талаб тушиб кетди?
Хитой сўнгги 20 йил ичида шу қадар тез ривожландики, кўпчилик экспертлар ва таҳлилий марказлар расмий Пекин тез орада дунёнинг энг бой ва қудратли давлати бўлган АҚШга етиб олиши ва уни ортда қолдириши бўйича прогнозлар бера бошлади. Аммо кутилмаганда жиддий муаммо пайдо бўлди. Бу мамлакат кўчмас мулк секторидаги чуқур инқироз билан боғлиқ.
Хитой провинцияларини айланиб, бўшаб ётган уй-жой мажмуаларини кўплаб учратиш мумкин. Айрим уйлар жиҳозлаб, деразаларига парда илинган, уй қаршисидаги боғлар обод қилиб қўйилган, лекин қоронғи тушиши билан, улар бўм-бўшлиги маълум бўлади – уйда яшаб, чироғини ёқадиган одам йўқ. Яъни харидор йўқ. Хўш, 1,4 миллиард аҳолига эга Хитойда нега уй-жойларга талаб тушиб кетди?
Урбанизация тўлқини
Хитойда “кўчмас мулк буми”нинг илдизи 1998 йилдаги ислоҳотларга бориб тақалади. Ўшанда ҳукумат уй-жой тизимини хусусийлаштиришга рухсат берганди. Бу эса дунё тарихидаги энг йирик урбанизация тўлқинига уланиб кетди. Қарийб ярим миллиард хитойлик қишлоқлардан шаҳарларга кўчиб ўтди. Натиажада 1990 йилларда Хитой аҳолисининг атиги 30 фоизи шаҳарларда яшаган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 65 фоизга етди. Кўчиб келаётган одамлар учун уй-жой шунчаки бошпана эмас, балки ижтимоий статус даражасига кўтарилди.
Йиллар давомида хитойликлар учун кўчмас мулк – келажакка асосий сармоя эди. Банк депозитлари ставкалари ҳар доим коммунистик партия томонидан белгилаб берилган, ижтимоий ёрдам эса ривожланмаган. Шу сабабли хитойликлар анъанавий равишда кўчмас мулкка инвестиция киритиб, келажак ҳаёт учун пул жамғаришган. Шунингдек, урбанизация ва аҳолининг ўсиши шаҳарларда уй-жойга бўлган талабни қўллаб-қувватлаб келди. "Уй нархи ҳеч қачон тушмайди", деган қараш одамлар онгига қаттиқ ўрнашиб олганди.
Инқироз нимадан бошланди?
Хитойнинг Evergrande, Country Garden каби гигант қурилиш компаниялари жуда хатарли, аммо ўша пайт учун самарали модел асосида ишлаб келди. Қурувчилар пойдеворни ҳам қўймасдан, уйларни қоғозда сотар ва халқдан пул йиғиб оларди. Шунингдек, келажакдаги сотувлар гаровга қўйилиб, банклардан улкан миқдорда қарз олинди. Йиғилган пуллар жорий бинони битиришдан ҳам кўра янги ер участкаларини сотиб олишга сарфланди. Натижада қурувчилар мамлакатдаги энг қарздор компанияларга айланди. Масалан, Evergrande гуруҳининг қарзи 300 миллиард доллардан ошиб кетди. Бу кўплаб давлатларнинг йиллик бюджетидан каттароқ рақам.
Инқироз COVID-19 пандемияси давридаги илк локдаунлар ортидан бошланди. Ҳукумат қурилиш компаниялари учун қарз олишни чекловчи “учта қизил чизиқ” қоидасини жорий қилди. Компаниялар қарз ололмай қолгач, уларнинг айримлари бошлаб қўйилган биноларни битиришга ҳам пул топа олмай қолди. Айнан шу нуқтада Хитой бўйлаб "арвоҳ шаҳарлар" пайдо бўла бошлади. Хитойнинг ўнлаб провинцияларида уй эгалари ипотека тўловларини тўлашдан бош торта бошлади. Сабаб оддий эди: "Уйим қурилмаяпти, нега мен унга пул тўлашим керак?" Йиллар давомида фақат кўтарилган нархлар илк бор пасая бошлади. Бу эса “инвестиция” сифатида уй олганлар учун даҳшатга айланди.
Ҳозирги вазият қандай?
2024 йил бошида Ҳонгконг суди Evergrande’ни тугатиш ҳақида қарор чиқарди, бошқа ўнлаб қурилиш компаниялари ҳам банкрот бўлди. Бу жаҳон бозорига "Хитойнинг кўчмас мулк мўъжизаси тугади", деган сигнални берди.
Кўплаб хитойлик оилалар йиғган пулларини уй-жой сотиб олишга ишлатиб қўйган, лекин охирги 5 йил ичида улар олган уйларининг нархи кескин тушиб кетди. Кўчмас мулк бозори қулаганига қарамай, девелоперлар уй-жой қуришда давом этаверишди. Натижада шунчалик кўп бўш квартиралар пайдо бўлдики, ҳатто бутун мамлакат аҳолиси ёппасига кўчиб кирган тақдирда ҳам, бўш хонадонларни тўлдира олмайди. Ҳукумат ипотека ставкаларини туширганига қарамай, ёшлар уй сотиб олишга шошилмаяпти. Хитойда туғилиш даражаси тушиб кетгани ҳам узоқ муддатли истиқболда уй-жойга бўлган эҳтиёжни камайтиради. Мамлакатдаги вилоят ва шаҳар маъмуриятлари ўз бюджетининг катта қисмини ер сотиш орқали тўлдирарди. Энди қурувчилар ер сотиб олмаяпти, бу эса маҳаллий бюджетларнинг бўшаб қолишига ва айрим ижтимоий лойиҳаларнинг тўхташига олиб келди.
Британиянинг Barclays банки ҳисоб-китобларига кўра, уй-жой нархларининг тушиши оқибатида хитойлик хонадонлар жами 18 трлн доллардан ортиқ бойлигини йўқотган. Илгари ЯИМнинг қарийб тўртдан бир қисмини таъминлаган қурилиш сектори ҳозирда иқтисодий ўсишни секинлаштиряпти. Айниқса иккинчи ва учинчи даражали шаҳарларда нархлар 30 фоизгача, айрим ҳудудларда эса ундан ҳам кўпроққа пасайган. Мамлакат бўйлаб тугалланмаган уйлар, “арвоҳ шаҳарлар” сақланиб қолмоқда, миллионлаб оилалар эса манфий капитал ҳолатига тушиб қолган. Шу шароитда расмий Пекин янги пуфак пайдо бўлишидан қўрқиб, кенг кўламли рағбатлантириш чораларидан тийиляпти ҳамда бозорни секин-аста тузатиш йўлини танлаяпти.
Мавзуга оид
16:18 / 21.02.2026
Хитой дронларни Россияга Таиланд орқали етказиб беришни бошлади
07:33 / 21.02.2026
Келажак шакли: Хитойда 2026 йилда битадиган 12 йирик лойиҳа
08:00 / 20.02.2026
Хитойнинг 2025 йилги савдо харитаси: АҚШ етакчи, Осиё тезлашмоқда
17:11 / 18.02.2026