Ўзбекистон | 12:03 / 23.02.2026
2892
2 дақиқада ўқилади

Ер кодексига қўшимча: айрим ер участкалари мерос таркибига киритилади

Мамлакатда мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва ер муносабатларини тартибга солишни янада такомиллаштириш мақсадида қонунчиликка ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда. Янги лойиҳага кўра, айрим ҳолатларда ер участкалари мерос таркибига киритилиши ҳамда уларни расмийлаштириш тартиби аниқ белгилаб берилади.

Фото: Getty Images

Сўнгги йилларда кўчмас мулк кадастри ва қурилиш соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганига қарамасдан, аҳолининг салмоқли қисмида ҳужжатлаштирилмаган уй-жойлар, рўйхатдан ўтмаган объектлар ва расмийлаштирилмаган мерос ишлари сақланиб қолмоқда. Шу сабаб ер участкалари ва уларда жойлашган қурилма ҳамда иншоотлар билан боғлиқ мерос муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш зарурати мавжуд.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, вафот этган шахсга белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган доимий фойдаланиш (доимий эгалик қилиш) ёки мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкалари, агар улар бино ва иншоотлар билан банд этилмаган бўлса ёки ердаги бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилмаган бўлса ҳам, мерос таркибига киритилиши назарда тутилмоқда.

Ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг мерос орқали бошқа шахсга ўтиши нотариал тартибда тасдиқланган гувоҳнома асосида Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига янги эга ҳақидаги маълумотларни киритиш ҳамда ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш орқали расмийлаштирилади.

Шунингдек, хусусийлаштирилган ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи сотиб олиш, ҳадя қилиш, айирбошлаш, мерос қилиб олиш ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа асосларга кўра бошқа шахсга ўтганда, мулкдор ҳақидаги маълумотлар давлат реестрига киритилиб, мулк ҳуқуқи белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади.

Лойиҳада “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги қонунга ҳам қўшимчалар киритиш назарда тутилган. Унга кўра, марҳумга тегишли ер участкаларида жойлашган ва қурилиши тугалланган бинолар ҳамда иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи яқин қариндошлар аризасига асосан марҳум номига давлат рўйхатидан ўтказилиши мумкин. Қурилиши тугалланмаган объектлар бўйича ҳам шунга ўхшаш тартиб жорий этилиши таклиф этилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид