Ўзбекистон | 15:23
593
3 дақиқада ўқилади

АЭСда водородли портлашлардан ҳимоя бўйича талаблар лойиҳаси ишлаб чиқилди

Атом электр станцияларини лойиҳалаш ва эксплуатация қилиш жараёнида герметик тўсиқ билан чегараланган ҳажмларда ҳосил бўлиши мумкин бўлган водород сақловчи аралашмалар портлашларининг олдини олиш, оқибатларини юмшатиш ҳамда ҳимоя чораларини таъминлашга қаратилган талаблар лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Лойиҳада ушбу талаблар ВВЭР типидаги реакторларга эга атом электр станцияларига татбиқ этилиши белгиланган. Ҳужжатда водородли портлашлардан ҳимояни таъминлаш бўйича ташкилий-техник чора-тадбирларни эксплуатация қилувчи ташкилот лойиҳада ташқи табиий ва техноген таъсирларни ҳисобга олган ҳолда асослаб бериши шартлиги қайд этилган.

Талабларга кўра, эксплуатация қилувчи ташкилот нормал эксплуатация вақтида герметик тўсиқ билан чегараланган ҳажмларда водород сақловчи портловчи аралашмалар ҳосил бўлишига йўл қўймаслиги лозим. Лойиҳавий аварияларда бундай ҳажмларда водород сақловчи аралашмаларнинг дефлаграцияси ва детонацияси, лойиҳадан ташқари аварияларда эса детонацияга йўл қўйилмаслиги шарт. Лойиҳадан ташқари аварияларда дефлаграцияга фақат лойиҳада белгиланган хавфсизлик тизимлари тўлиқ ишлаган тақдирда рухсат этилиши кўзда тутилган.

Ҳужжатда водород ҳосил бўлиш манбалари ва жараёнлари ҳам санаб ўтилган. Жумладан, нормал эксплуатация шароитида конструкцион материаллар коррозияси, реактор фаол зонасида сув радиолизи, ядровий ёқилғини сақлаш ҳавзасида сув радиолизи каби омиллар қайд этилган. Авариявий ҳолатларда эса буғ-цирконий ва темир-буғ реакциялари, сувнинг иссиқлик диссоциацияси, турли материаллар коррозияси ҳамда бошқа технологик жараёнлар водород ҳосил бўлишига олиб келиши мумкинлиги кўрсатилган.

Лойиҳада водород хавфини бартараф этиш учун актив ва пассив тизимлардан фойдаланиш талаб этилади. Улар қаторида водород сақловчи аралашмаларни ёқувчи, водородли муҳитни чиқариб юборувчи, муҳитларни аралаштирувчи ҳамда авария ва авариядан кейинги ҳолатларда бошқа газлар киритиш орқали водород сақловчи аралашмани суюлтирувчи тизимлар келтирилган. Шунингдек, портлаш вақтида юзага келадиган иссиқлик ва механик таъсирларни камайтириш бўйича техник воситалар қўлланиши шарт.

Эксплуатация босқичида эса водородли портлашдан ҳимояни таъминлайдиган тизимлар ва уларнинг элементларидан фойдаланиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилиши, техник хизмат кўрсатиш ва режали таъмирлаш тартиби белгиланиши, таъмирдан сўнг ускуналар параметрлари текширилиши ҳамда тизимлар ядровий ёқилғини юклаш вақтида ва барча қувват даражаларда соз ҳолатда бўлиши лозимлиги таъкидланган.

Мазкур талабларга риоя этилиши устидан назорат Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси томонидан амалга оширилиши, талаблар бузилган тақдирда айбдор шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлиши кўрсатилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид