Жаҳон | 10:05 / 25.02.2026
1862
3 дақиқада ўқилади

ЕИ 90 млрд еврони Украинага “барибир” ажратади — фон дер Ляйен

Венгрия ЕИ кредити ажратилишини блоклаётганига қарамай, Украина барибир 90 млрд евро миқдоридаги фоизсиз кредитни Европа Иттифоқидан олади, деди Еврокомиссия (ЕК) раиси Урсула фон дер Ляйен. У бу ҳақда сешанба куни, 24 февралда Киевдаги матбуот анжуманида баёнот берди.

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

“Мен бу ерда тўлиқ аниқлик киритмоқчиман. Бу кредит Европа кенгашида 27 давлат ва ҳукумат раҳбарлари томонидан келишилган. Улар сўз берган. Бу сўз бузилиши мумкин эмас”, — деди фон дер Ляйен ва ЕИда буни амалга ошириш учун “турли вариантлар” борлигини, улар ишга солинишини қўшимча қилди.

Урсула фон дер Ляйеннинг айтишича, кредитнинг Украина учун устувор вазифаси — “мудофаа соҳасидаги энг долзарб эҳтиёжлар”ни қондириш. “У жасур Украина кучлари учун илғор мудофаа ускуналарини сотиб олиш, ишлаб чиқариш, яратишга ёрдам беради”, — деди ЕК раиси.

20 феврал куни Венгрия Украинага кредит ажратилишини блоклади. Бу мамлакат ташқи ишлар вазири Петер Сийяртонинг айтишича, Будапешт “Дружба” нефт қувури орқали Венгрияга нефт транзити тикланмагунча ўз позициясини ўзгартирмайди. Украина маълумотларига кўра, Украина ҳудуди орқали ўтиб, Россия нефтини Словакия ва Венгрияга етказиб берадиган мазкур қувур 27 январ куни РФ зарбалари оқибатида шикастланган ва шу туфайли нефт етказиш тўхтатилган.

Украина президенти Володимир Зеленский 24 феврал куни матбуот анжуманида қувур вайрон бўлиши учун масъулият Москва зиммасида эканини билдирди. У Венгрия бош вазири Виктор Орбанни объектга зарбаларни тўхтатиш учун РФ президенти Владимир Путин билан тўғридан тўғри музокара олиб боришга чақирди ва Украинага нисбатан чекловларни қўлламасликни сўради. “Қувурни Россия вайрон қилди. Шунинг учун, агар Орбан қандайдир молиявий қўллаб-қувватлашни блокламоқчи бўлса, у буни Россияга нисбатан қилиши мумкин. Лекин Украинага нисбатан эмас. Бу қувур вайрон бўлишига сабабчи биз эмасмиз”, — дея таъкидлади Украина раҳбари.

Венгриянинг Vilaggazdasag (VG) нашри ёзишича, украин томони аввалроқ “Дружба” қувури орқали Россия нефти етказиб бериш ҳозирча фақат Словакияга тикланишини маълум қилган, аммо аниқ саналар айтилмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид