Фойдали | 13:50
1285
10 дақиқада ўқилади

ЙҲҚни бузганлик учун келган жарима бўйича қандай шикоят қилиш мумкин?

Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидалари (ЙҲҚ) бузилишини қайд этувчи камералар бутун мамлакат бўйлаб ишлайди, жарималар эса борган сари автоматик тарзда расмийлаштирилмоқда. Бундай қоидабузарликлар учун жарима баллари ҳисобланади ва уларнинг тўпланиши ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум бўлишга олиб келиши мумкин. Қуйида қандай ҳолларда жарима бўйича шикоят қилиш мумкинлиги ва қаерга мурожаат қилиш ҳақида маълумот берамиз.

Фото: ЙҲХБ

Қачон шикоят қилиш мумкин?

Шикоят ҳар доим ҳам ўринли эмас. Қуйида ЙҲҚни бузганлик учун қўлланилган жарима ҳақиқатан ҳам бекор қилинадиган ҳолатлар келтирилган.

Камера хатоси ёки техник носозлик

Автоматик камералар баъзан хатога йўл қўяди: автомобил рақамини, тезликни ёки ҳаракатланиш йўлагини нотўғри аниқлаши мумкин. Баъзи ҳолларда жарима кўрсатилган вақтда аслида бошқа жойда бўлган машина учун юборилиши ҳам учрайди. Агар видеорегистратор ёзуви, GPS маълумотлари ёки бошқа тасдиқловчи далиллар бўлса, бундай жаримани бекор қилдириш мумкин.

Автоматик қайд этувчи камерадан олинган кадр: бундай материаллар асосида қоидабузарлик бўлган-бўлмагани ва шикоят қилиш мумкинлиги текширилади.

Жаримани расмийлаштириш тартибининг бузилиши

Агар жаримани расмийлаштиришда хатоликларга йўл қўйилган бўлса, у бекор қилиниши мумкин. Бу ерда гап қарорда нотўғри маълумотлар кўрсатилиши, мажбурий реквизитларнинг йўқлиги ёки уни топшириш тартиби бузилиши каби ҳолатлар ҳақида кетмоқда. Бундай вазиятларда фақат қоидабузарликнинг ўзи эмас, балки қарор қандай тарзда расмийлаштирилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Агар шундай хатоликларга йўл қўйилган бўлса, қарор белгиланган тартиб бузилган ҳолда чиқарилган деб топилади ва шикоятни кўриб чиқиш жараёнида қонунга мувофиқ бекор қилиниши мумкин.

Қарорда жарима МЖтКнинг қайси моддаси асосида тайинлангани кўрсатилади — ушбу маълумотлардаги хатолар шикоят қилиш учун асос бўлиши мумкин.

Автомобил ўғирланган, сотилган ёки бошқа шахс томонидан бошқарилганида

Агар қоидабузарлик содир этилган вақтда автомобил аллақачон сотилган, ўғирланган ҳолатда бўлса ёки уни бошқа шахс бошқарган бўлса, жарима устидан шикоят қилиш мумкин. Муҳими, машинани сиз бошқармаганингизни исботлаш.

Агар машинани бошқа шахс бошқаргани ёки қоидабузарлик қайд этилган вақтга қадар автомобил сизнинг тасарруфингиздан чиққанини исботлай олсангиз, жарима бекор қилинади, чунки қонунга кўра, айбдорлик аниқланмасдан жавобгарлик юкланмайди.

Инспектор қонун талабларига зид ҳаракат қилганида

Инспектор томонидан қилинган процессуал қоидабузарлик ҳам шикоятга асос бўлиши мумкин. Масалан, ҳуқуқларингиз тушунтирилмаган, изоҳларингизни қабул қилишдан бош тортишган ёки ҳужжатларни расмийлаштиришда хатоликларга йўл қўйилган бўлса. Бундай ҳаракатлар текширилади ва қарор бекор қилиниши мумкин.

Агар ҳайдовчининг ҳуқуқлари бузилган бўлса, қарор процессуал қоидабузарлик билан чиқарилган деб топилади ва қонунга мувофиқ жарима бекор қилинади.

Шикоят қилиш муддати

Шикоят қилиш муддати қонун билан қатъий белгиланган. Агар муддатни узрли сабабсиз ўтказиб юборсангиз, жарима белгилашдаги хатолар аниқ бўлса ҳам шикоят кўриб чиқилмаслиги мумкин.

ЙҲҚни бузганлик учун жарима бўйича шикоят қарор олинган кундан бошлаб 10 кун ичида тақдим этилади. Муддат қоидабузарлик содир бўлган кундан эмас, балки ҳайдовчи ҳужжатни қоғоз, почта орқали ёки электрон тарзда олган кундан бошлаб ҳисобланади.

Муддат ўтиб кетган бўлса нима қилиш керак ?

Агар 10 кунлик муддат узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган бўлса, уни тиклаш мумкин. Бундай сабабларга, масалан, касаллик, меҳнат сафари ёки қарор кечиктириб етказилган ҳолатлар киради. Бу ҳолатлар шикоятда кўрсатилиши ва ҳужжатлар билан тасдиқланиши керак.

Нима учун жаримани тўлашни муддат охиригача чўзмаслик керак?

Шикоят қилиш ва жаримани тўлаш муддати параллел равишда ўтади. Агар тўлов муддати тугашини кутиб, шундан кейин шикоят берсангиз, ажратилган 10 кунлик муддатга улгурмаслик эҳтимоли бор. Бундай ҳолда шикоят кўриб чиқилмаслиги, жарима эса мажбурий ижрога юборилиши мумкин.

Агар асослар мавжуд бўлса ва муддат ўтказиб юборилмаган бўлса, шикоятни икки хил усулдан бири орқали бериш мумкин. Танлов вазиятга ва жарима қандай тарзда белгиланганига боғлиқ:

● Давлат хизматлари портали орқали

● Суд орқали

my.gov.uz орқали шикоят қилиш

Агар жарима тизимда кўринса ва сизда ўзингизни ҳимоя қилиш учун далиллар бўлса, my.gov.uz портали орқали шикоят қилишингиз мумкин.

 my.gov.uz орқали “Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима юзасидан шикоят қилиш” хизмати

Кириш ва хизматни танлаш

Шахсий кабинетга киргандан сўнг Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима юзасидан шикоят қилиш хизмати танланади. Биринчи экранда транспорт тури — шахсий автомобил ёки ишончнома орқали бошқарилаётган автомобил кўрсатилади.

Транспорт турини танлаш ва мурожаат юбориш шартларини тасдиқлаш

Жарима тўғрисидаги маълумот

Қоидабузарлик ҳудуди, автомобил ва қарор рақами кўрсатилади. Шундан сўнг тизим жарима тўғрисидаги маълумотларни автоматик равишда юклайди.

Аризачи тўғрисидаги маълумот

Алоқа маълумотлари ва яшаш ҳудуди автоматик равишда тўлдирилади ва текширилади. Бу маълумотлардан мурожаатни қайд этишда фойдаланилади.

my.gov.uz орқали йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима юзасидан шикоят қилишда аризачи маълумотларини тўлдириш шакли

Шикоят матни ва далиллар

Мурожаатда қарордан норозилик сабаби кўрсатилади. Шикоятга аризачи фикрини тасдиқлайдиган фото, видео, ҳужжат ёки скриншотлар илова қилиниши мумкин.

Мурожаатни кўриб чиқиш

Шикоят қайд этилади ва текширувга юборилади. Якуни бўйича қарор қабул қилинади — жарима бекор қилинади ёки ўз кучида қолади. Жавоб порталдаги шахсий кабинетга келади.

Суд орқали шикоят қилиш

Агар онлайн мурожаат самара бермаса ёки жарима қонунийлигига шубҳа бўлса суд орқали шикоят қилинади. Бу ҳуқуқ маъмурий қонунчиликда кўзда тутилган ва қоидабузарлик қайд этилиш усулига боғлиқ эмас.

Қайси судга мурожаат қилинади

Шикоят маъмурий ишлар бўйича судга берилади. Жарима тўғри қўлланилгани ва ҳайдовчи ҳуқуқлари бузилган-бузилмаганини айнан суд текширади.

Қандай ҳужжатлар керак

Шикоятга жарима тўғрисидаги қарор ва суд қарорнинг қонунийлигини баҳолай олиши учун зарур бўлган ҳужжатлар илова қилинади. Суд фақат қарорнинг ўзига эмас, балки ҳайдовчи томонидан тақдим этилган далилларга: фотосуратлар, видеоёзувлар, видеорегистратор ёзувлари ва унинг позициясини тасдиқловчи бошқа материалларга ҳам эътибор қаратади.

Суд рад этса нима қилиш керак?

Биринчи инстанция судининг рад жавоби қарорни қайта кўриб чиқиш мумкин эмаслигини англатмайди. Қонун белгиланган тартиб ва муддатларга риоя қилинган ҳолда қарор устидан қайташикоят қилиш имкониятини назарда тутади.

Суд қабул қилинган қарор ҳақида аризачини расмий тарзда хабардор қилади: қарор нусхаси шахсан топширилади, почта орқали юборилади ёки электрон шаклда жойлаштирилади. Кейинги муддат айнан ушбу қарор олинган пайтдан бошлаб ҳисоблана бошлайди.

Апелляция бериш мумкинми?

Агар ҳайдовчи биринчи инстанция суди қароридан норози бўлса, апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга. Апелляция суд хулосаларини қайта текшириш ва иш бўйича келтирилган далилларни қайтадан баҳолаш имконини беради.

Апелляция шикоятини суд қарори олинган кундан бошлаб 10 кун ичида бериш мумкин.

Агар муддат ўтиб кетса, қарор қонуний кучга киради ва шикоят бериш имконсиз бўлади. 

Шикоят берилган вақтда жаримани тўлаш керакми?

Жарима юзасидан шикоят бериш унинг автоматик равишда бекор қилинишига олиб келмайди, лекин тўлов муддати ва имтиёз қўлланилиши имкониятига таъсир қилади.

Агар йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима жарима юзасидан шикоят берган бўлсангиз, жаримани қарор қабул қилингунига қадар тўлашнинг кераги йўқ. Тўлаш мажбурияти шикоят қаноатлантирилмаганидан кейингина юзага келади.

Жарима қанча муддат ичида тўланиши керак

  • Агар шикоят берилмаган бўлса, қарор чиқарилган кундан бошлаб 60 кун ичида тўлаш керак.
  • Агар шикоят берилса, лекин у рад этилса, жаримани рад жавоби берилгани ҳақидаги хабарнома олинган кундан бошлаб 30 кун ичида тўлаш лозим.

Жаримани тўлаш ва уни қайтариб олиш мумкинми?

Ҳа, ЙҲҚни бузганлик учун жаримани шикоят қилиш жараёни тугамасидан олдин ҳам тўлаш мумкин. Агар қарор бекор қилинса, тўланган сумма қайтарилиши шарт. Бунинг учун қарорни чиқарган органга тўловни тасдиқловчи ҳужжат билан бирга ариза топширилади.

Шикоят берилганида имтиёз амал қиладими?

ЙҲҚни бузганлик учун жаримани тўлашда имтиёзли тўлов мавжуд:

  • 50% чегирма — 15 кун ичида тўланса,
  • 30% скидка — 30 кун ичида тўланса.
ЙҲҚни бузганлик учун жарима тўлаш: чегирма миқдори қарор чиқарилган кундан бошлаб ўтган муддатга боғлиқ

Аммо агар шикоят берган бўлсангиз, имтиёз қўлланмайди. Ҳаттоки имтиёзли тўлов муддати тугамаган бўлса ҳам шикоят бериш чегирма билан тўлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади.

Агар жарима тўланмаса нима бўлади?

Агар жарима тўланмаса ва шикоят берилмаса ёки рад этилса, қарор мажбурий ижрога берилади. Шу ондан бошлаб ундириш чоралари қўлланилиши мумкин, қарз миқдори эса ижро харажатлари ҳисобига ошиши мумкин.

Ёдда сақлаш муҳим

ЙҲҚни бузганлик учун жарима юзасидан шикоят қилишда асосий муддатлар: шикоят қачон берилиши керак, тўлаш учун қанча вақт бор ва ҳисоб қайси вақтдан бошланади.
Асал Равшанова
Муаллиф Асал Равшанова

Мавзуга оид