Жаҳон | 19:11
1166
3 дақиқада ўқилади

2025 йилда АҚШдан чиқиб кетганлар сони кириб келганлар сонидан ошди – ОАВ

Брукинг институти ҳисоб-китобларига кўра, ўтган йили АҚШни тарк этганлар сони мамлакатга келганлар сонидан 150 минг кишига ошган, деб ёзди The Wall Street Journal (WSJ). Газетанинг қайд этишича, бундай вазият 1929-1939 йиллардаги Буюк депрессия давридан бери биринчи марта юзага келган.

Фото: Getty images

Таҳлилчиларнинг баҳолашича, жорий йилда ҳам мамлакатни тарк этувчилар сони кўпаяди. Шу билан бирга, улар рақамлар ҳақиқий рақамлардан фарқ қилиши мумкинлигини, чунки расмий маълумотлар кетганлар сонини тўлиқ акс эттирмаслигини таъкидламоқда.

АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакатдан 675 минг киши депортация қилинган, яна 2,2 миллион киши «ўзини ўзи депортация қилган». WSJ 15 мамлакат маълумотларига асосланиб, уларга яна камида 180 минг америкалик қўшилганини ёзди.

2025 йилда АҚШга келганларнинг умумий сони 2,6 миллиондан 2,7 миллионгача бўлиб, бу 2023 йилдаги 6 миллионлик энг юқори кўрсаткичдан паст. Қатъий миграция сиёсати Доналд Трампнинг иккинчи президентлик муддати маъмуриятининг асосий йўналишларидан бирига айланди.

АҚШ фуқаролари миграциясининг машҳур йўналишлари орасида Жанубий Америка ва Европа мамлакатлари санаб ўтилди. WSJ маълумотларига кўра, Европа Иттифоқига аъзо давлатларда яшаш ва ишлаш учун келган америкаликлар сони энг юқори кўрсаткичларга етган ва ўсишда давом этмоқда. Бундан ташқари, АҚШ фуқаролигидан воз кечиш учун ариза берувчилар сони ортиб бормоқда: 2024 йилда бундай сўровлар сони, иммиграция фирмалари маълумотларига кўра, 48 фоизга ошган.

Аҳолини рўйхатга олиш статистик маълумотларига кўра, охирги марта АҚШдан кўпроқ фуқаролар 1935 йилда кўчиб кетган ва бориш манзили сифатида Совет Иттифоқи танланган, дейилади мақолада.

WSJ буни Трамп маъмурияти сиёсати билан боғламоқда. Қолаверса, гап нафақат мамлакатдаги иқтисодий вазият, балки ҳаёт сифатини баҳолаш, жумладан, Американинг ривожланишидан ҳафсаласи пир бўлиши ҳақида кетмоқда, деб таъкидлайди газета.

Оқ уй вакилининг нашрга берган изоҳида таъкидлашича, АҚШ иқтисодиёти бошқа ривожланган мамлакатлардан анча олдинда, Трамп маъмуриятининг сиёсати эса юз минглаб ноқонуний мигрантларни депортация қилиш ва «Қўшма Штатларда яшаш ҳуқуқини берадиган «олтин карта» учун 1 миллион доллар сарфлайдиган» «ўта юқори даромадли сон-саноқсиз хорижликларни» жалб қилишдан иборат.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид