Жаҳон | 14:07
1140
3 дақиқада ўқилади

ГФР ТИВ раҳбари: РФ активларини мусодара қилиш мавзуси кун тартибидан олинди

Германия ташқи ишлар вазири Вадефулнинг айтишича, музлатилган Россия активларидан фойдаланиш имконияти масаласи бутунлай ҳал қилинган. У Украинага ёрдамнинг бошқа йўли — фоизсиз кредит топилганини эслатди.

Фото: Dursun Aydemir/Anadolu

Венгрия Украинага 90 млрд евро миқдоридаги фоизсиз кредит ажратилишига вето қўйганига қарамай, Европа Иттифоқи Киевни қўллаб-қувватлашнинг музлатилган Россия активларидан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа вариантини қайта муҳокама қилишга қайтмайди. Бу ҳақда Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул Белгия ташқи ишлар вазири Максим Прево билан биргаликдаги матбуот анжуманида чоршанба, 25 феврал куни Берлинда маълум қилди.

“Бу масала батамом ҳал қилинган”, — деди у Украинага Россиянинг музлатилган маблағларини топшириш ҳақидаги баҳсларни қайта бошлаш эҳтимолини рад этиб. Вадефул Европа Иттифоқи “жуда яхши захира воситани” — 90 млрд евролик кредитни топганини эслатди. У ушбу ташаббусни тўсиб қўяётган Венгрия позициясини танқид қилди.

Немис вазири Венгрия ҳокимиятининг ҳаракатларидан ҳайратда эканини билдириб, “Дружба” нефт қувури орқали етказиб бериш тўхташи билан Будапештнинг Украинага Европа кредити ажратилишини блоклаши ўртасида боғлиқлик борлигини инкор қилди. Венгрия “ўзининг эркинлик учун курашига хиёнат қилмоқда”, — дея таъкидлади Вадефул.

Бундан бир кун олдин Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ЕИ Украинага ваъда қилинган қўллаб-қувватловни тақдим этиш имкониятини албатта топишига ишонч билдирган. “Кредит Европа кенгашида давлат ва ҳукумат раҳбарларининг 27 нафари томонидан келишилган. Улар сўз берган. Бу сўз бузилиши мумкин эмас”, — деди фон дер Ляйен Киевда, шунингдек, ЕИда ишга солиш мумкин бўлган “турли вариантлар” борлигини қўшимча қилди.

Европа комиссияси 2026–2027 йилларда Украинага 90 млрд евро миқдорида фоизсиз кредит бериш бўйича қонунчилик чора-тадбирлари лойиҳасини тақдим этди. Идора таклифига кўра, бу сумманинг учдан бир қисми Киев бюджетига қўллаб-қувватлов сифатида йўналтирилади, қолган 60 млрд евро эса ҳарбий ёрдам учун ажратилади. Бу ҳақда Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен 14 январ куни Брюсселдаги матбуот анжуманида айтган. Европа парламенти Украинага молиявий ёрдам пакетини 11 феврал куни маъқуллаган.

Кредит ажратиш ҳақидаги қарор ЕИ саммитида 2025 йил декабр ўрталарида қабул қилинган. Украина бу кредитни фақат Россия Киевга уруш туфайли етказилган зарар учун товон тўлаганидан кейин қайтариши керак бўлади. Агар Москва зарарни қоплашдан бош тортса, ЕИ Украина қарзини қоплаш учун музлатилган Россия активларидан фойдаланади.

Шу билан бирга, саммитда тўлиқ кўламли босқиндан тўрт йилдан бери ҳимояланиб келаётган Украинага ёрдам беришнинг икки варианти кўриб чиқилган эди. Уларнинг бири музлатилган Россия активларидан фойдаланишни назарда тутарди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид