Ўзбекистон | 17:53
3445
2 дақиқада ўқилади

ДХХ Халқ банки ходими ушланганини айтди. Банк буни расман инкор этди

Халқ банки Ромитан маркази шуъба мудири бошқа банкдаги танишлари орқали 800 млн сўм кредит олиб бериш эвазига 2 минг доллар талаб қилиб, шундан минг долларини учинчи шахс орқали олганда ушланган. ДХХнинг шу ҳақдаги хабарини банк “ҳақиқатга тўғри келмайди”, дея инкор этди. Банк “расмий хулосалар эълон қилингунига қадар тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликни” сўраган.

Халқ банки Ромитан маркази шуъба мудирининг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, шуъба мудири ўзганинг ишончига кириб, унга бошқа тижорат банкида ишловчи танишлари орқали 800 млн сўм кредит олиб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига 2 минг доллар талаб этган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда шуъба мудири сўралган пулдан минг долларини учинчи шахс орқали олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,192-9-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилгани ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилган.

Халқ банки матбуот хизмати расмий муносабат билдириб, ушбу хабар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

“Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор қўшма тадбирда банкнинг шуъба мудири бошқа тижорат банкида ишловчи танишлари орқали кредит маблағи олиб бериш эвазига учинчи шахс орқали пора олган вақтида қўлга олинганлиги тўғрисидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди.

Хусусан, айни тадбир вақтида у меҳнат таътилида ва Тошкент шаҳрида бўлган”, дейилади банк муносабатида.

Банк расмий хулосалар эълон қилингунига қадар тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликни сўраган. Ҳолат бўйича қўшимча маълумот тақдим қилиниши билдирилган.

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров

Мавзуга оид