Жаҳон | 11:21
677
4 дақиқада ўқилади

Германия 20 нафар Афғонистон фуқаросини депортация қилди

Германия Афғонистонга мунтазам депортация қилиш бўйича келишув асосида илк чартер рейсни амалга оширди. Германия ИИВ маълум қилишича, жинсий жиноят содир этганлар, тан жароҳати етказганлар ва наркотиклар билан боғлиқ жиноятларда айбдорлар чиқариб юборилган.

Фото: Michael Kappeler/dpa/picture alliance

Германия Лейпцигдан Кобулга чартер рейс билан жиноят содир этган 20 нафар Афғонистон фуқаросини депортация қилди. Бу ҳақда 26 феврал, пайшанба куни Германия Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Вазирлик билдиришича, учинчи давлатлар кўмагисиз Афғонистонга тўғридан тўғри депортацияни йўлга қўйиш учун узоқ вақтдан бери жадал иш олиб борилган. Илгари бундай рейсларда воситачи сифатида Қатар қатнашган. Энди эса Германия ИИВ «Толибон» ҳаракати билан келишув тузганини dpa агентлиги эслатди.

«Биз тузган келишув Афғонистонга тўғридан тўғри ва доимий депортациялар учун ишончли асос яратади», — деди Германия ички ишлар вазири Александер Добриндт. «Жамиятимиз жиноятчилар мамлакатимизни тарк этишидан манфаатдор. Шунинг учун биз изчил ҳаракат қиляпмиз ва қадамма-қадам депортацияларни кенгайтирамиз», — дея қўшимча қилди у. Вазирлик маълумотига кўра, депортация қилинганлар орасида жинсий жиноят содир этганлар, тан жароҳати етказганлар ҳамда наркотиклар билан боғлиқ жиноятларда айбдорлар бор.

Dpa қайд этишича, «Толибон» билан тузилган келишув баҳсларга сабаб бўлмоқда. Чунки расман Германия федерал ҳукумати 2021 йил августидан бери Афғонистонда қайта ҳокимиятга келган бу ҳаракат билан дипломатик муносабатларни қўллаб-қувватламайди. Инсон ҳуқуқлари, хусусан аёллар ҳуқуқларининг поймол қилиниши сабаб ҳаракат халқаро майдонда яккаланган ҳолда қолмоқда.

Аввалроқ, 7 феврал куни AFP агентлиги ЕИ расмийлари Афғонистонга икки марта «техник миссия» билан борганини, улардан бири январ ойида бўлиб ўтганини ва Афғонистонга депортация имкониятларини ўрганганини хабар қилган. Агентликка кўра, бу миссиялар давомида «қайта қабул қилиш соҳасида ҳамкорлик» тузилмаси ва «қайтариш операцияларини ташкил этиш» эҳтимоли муҳокама қилинган.

Европа Иттифоқи миграция сиёсатини қатъийлаштираётган бир пайтда, ЕИга аъзо 27 давлат ҳукуматларининг кўпчилиги бундай депортацияларни қўллаб-қувватламоқда.

Шу билан бирга, Human Rights Watch ҳуқуқ ҳимоя ташкилоти 2025 йилда толиблар репрессияларни кучайтиргани ҳақида огоҳлантирган. Гап ОАВ эркинлигини чекловчи янги қоидалар, шунингдек аёллар ва қизлар учун қўшимча чекловлар ҳақида бормоқда.

БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси вакили Арафат Жамал кўп ҳолларда қочқинлар «уларни қабул қилишга тайёр бўлмаган» ватанга қайтарилаётганини айтган. Унинг баҳолашича, Европадаги янги курс «ақл-идрок»дан кўра кўпроқ «ҳис-туйғулар»га асосланмоқда.

2021 йил ёзида Афғонистонда «Толибон» ҳаракати ҳокимиятга келганидан сўнг Германия афғон фуқароларини депортация қилишни тўхтатган эди. Депортациялар 2024 йил август ойида қайта тикланди: ўшанда судлар жиноий ишларда айбдор деб топган 28 нафар афғон фуқароси Германиядан Кобулга олиб келинган. Парвоздан олдин ҳар бирига 1000 евро берилган.

«Толибон» вакили ўша пайтда Германиядан депортация қилинган жиноятчилар оилалари улар бошқа жиноят содир этмаслиги ҳақида ёзма кафолат берганидан кейин озод қилинганини айтган. Ўша вақтда Германия ички ишлар вазири бўлган Нэнси Фезер депортациялар амалиётини давом эттиришга ваъда берган, аммо олдинги коалиция ҳукумати ваколати тугагунча Германиядан Афғонистонга бошқа депортация рейси учмаган.

Кейинги депортация рейси 2025 йил июл ойи ўртасида амалга оширилди. Самолёт бортида 81 нафар Афғонистон фуқароси бўлган. Германия ички ишлар вазири Александер Добриндт айтишича, улар жиноий қилмишларда айбдор деб топилган ва мажбурий депортация қилиниши керак. 2025 йил сентябр ойида Добриндт Германияда паноҳ сўрови рад этилган афғонларни Афғонистонга депортация қилишни янада мунтазам қилиш нияти борлигини билдирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид