Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Покистон толиблар ҳукумати билан «очиқ уруш» бошланганини эълон қилди
26 феврал куни кечқурун Афғонистон ва Покистон муносабатларидаги можаро янги босқичга чиқди: томонлар бир-бирига ҳаводан ҳужум қилмоқда, дронлар, артиллерия қўлланмоқда.
Фото: Getty Images
Покистон мудофаа вазири Ҳаваж Асиф Афғонистон бошқарувидаги «Толибон» ҳаракати билан «очиқ уруш» бошланганини эълон қилди. У бу ҳақда X ижтимоий тармоғида ёзиб қолдирган.
Вазир толиблар ҳукумати Афғонистонни «Ҳиндистон мустамлакасига айлантиргани», улар бутун дунё террорчиларини Афғонистонга йиғиб, терроризмни экспорт қила бошлагани, ўз халқини асосий инсон ҳуқуқларидан маҳрум этгани, ислом дини аёлларга берган ҳуқуқларни тортиб олгани ҳақида гапирган.
«Покистон бевосита ва дўст мамлакатлар орқали вазиятни нормаллаштириш учун бор имкониятларини ишга солди. <…> Аммо толиблар Ҳиндистоннинг қўғирчоғига айланди. Бугун улар Покистонга тажовузкорона ҳужум қилишга уринганида, бизнинг кучларимиз қатъий жавоб бермоқда», – дея ёзади вазир.
У ўтмишда Покистоннинг роли ижобий бўлгани, мамлакат 50 йил давомида 5 миллион афғонга жой берганини эслатиб ўтган.
«Ҳозирги кунда ҳам миллионлаб афғонлар бизнинг заминимизда кун кечирмоқда. Сабр косамиз тўлди. Энди орамизда очиқ уруш бошланди», – дея ўз баёнотини кескин тарзда якунлаган вазир.
Покистон бош вазири идораси мамлакат қуролли кучлари Афғонистоннинг бир неча шаҳарларига, жумладан пойтахт Кобул ҳамда Пактия ва Қандаҳор вилоятларига авиазарбалар йўллаганини маълум қилган. Покистон ахборот вазири Аттаулла Тарар зарбалар оқибатида «Толибон» жангариларидан 133 нафари ҳалок бўлиб, 200 дан ортиғи яраланганини маълум қилган.
Ўз навбатида, Афғонистон мудофаа вазирлиги 26 феврал куни кечқурун Покистоннинг иккита базаси ҳамда 19 та назорат-ўтказиш пунктини эгаллаб олгани, покистонлик ҳарбийлардан 55 нафари ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатган.
26 феврал куни Афғонистон томони Покистон кучларининг зарбаларига жавобан чегара ҳудудларда махсус амалиёт бошлаганини маълум қилганди. Покистон ўтган ҳафтада «Таҳриқ-а-Толибон Покистон» ва «ИШИД — Хуросон» вилояти гуруҳларининг Афғонистон шарқида жойлашган лагерлари бўйлаб зарбалар йўллаганди. Афғонистон ҳукумати ўшанда тинч аҳоли вакиллари, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган. Покистон ҳукумати бу зарбалар Покистонда содир этилган давомли терактларга жавобан амалга оширилганини маълум қилган. Исломободдагиларга кўра, ушбу гуруҳлар етакчилари Афғонистон ҳудудида яширинган ва ўша ердан туриб Покистондаги ҳужумларни режалаштириб келмоқда.
Мавзуга оид
11:21
Германия 20 нафар Афғонистон фуқаросини депортация қилди
07:58
Покистон Афғонистон пойтахти Кобулга авиазарбалар берди
23:01 / 26.02.2026
Афғонистон Покистоннинг чегара ҳудудларида ҳарбий операция бошлаганини эълон қилди
09:28 / 25.02.2026