Жамият | 12:44 / 27.02.2026
2254
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда қуёшда иситиладиган 1 минг гектар иссиқхона барпо этилади

Сурхондарё шароитида иссиқхона маҳсулоти таннархи бошқа ҳудудларга нисбатан 2–3 баробар арзон тушиши қайд этилди. Шу асосда вилоятда қуёшда иситиладиган иссиқхоналарни кенгайтириш, шунингдек, яйлов ерларини ўзлаштириш бўйича янги чоралар белгиланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилиндики, жорий йил Испаниянинг Алмерия ҳудуди тажрибаси асосида 1 минг гектарда қуёшда иситиладиган иссиқхоналар ташкил қилинади. Бундай иссиқхона қурадиган тадбиркорларга ер майдонлари 5 йилга бепул ижарага берилади, ер ости сувидан фойдалангани учун тўловдан эса 3 йил муддатга озод қилинади.

Шунингдек, Сурхондарёда тўлиқ ишга солинмаган катта имконият — яйлов ерлари экани таъкидланди. Хусусан, Бойсун туманида 197 минг гектар яйлов мавжуд. Агар Дарбанд дарёсидаги насослар тикланиб, сув чиқарилса, 10 минг гектар яйловни фойдаланишга киритиш, шундан 1,5 минг гектарида картошка, қолган қисмида эса озуқабоп экин экиш имкони борлиги айтилди.

Қайд этилишича, захирадаги яйлов ерларини ўзлаштириш учун аукциондаги бошланғич нарх норматив қийматнинг 1 фоизи миқдорида белгиланади. Ерни аукцион орқали олган тадбиркорларга 10 йилга, 4 йиллик имтиёзли давр билан 14 фоизли кредит ажратилиши белгиланди. Ҳар 10 гектар майдонга сув олиб келиш учун эса 120 миллион сўмгача субсидия берилади.

Ушбу чоралар орқали уч йиллик дастур доирасида 58 минг гектар яйловни айланмага киритиш ва бу ерларда 300 минг бош қўй-эчки боқишни йўлга қўйиш топширилди.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид